Эртага танлов босқичи якунланади: жараёнга оид муҳим маълумотлар

Эртага танлов босқичи якунланади: жараёнга оид муҳим маълумотлар

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг иккинчи, яъни танлов босқичи 8 августга қадар (шу куни ҳам) давом этади. Бунда абитуриентлар 5 тагача йўналиш — фанлар мажмуасига тўғри келадиган исталган йўналиш ва исталган олий таълим муассасасини, таълим шаклини (кундузги, масофавий ва кечки) ҳамда танлов устуворлигини (грант ёки таълим йўналиши устуворлиги) танлайди.

 

Агар абитуриент танловни амалга оширган бўлсаю, лекин фикри ўзгариб, бошқа йўналиш ёки бошқа таълим шаклини танлашни хоҳласа, танлов босқичи якунлангунга қадар бемалол ўзгартирса бўлади.

 

Эслатма! Танловларни 8 август куни соат 23:59 да якунланади. Шу вақтгача танловни амалга ошириш керак, акс ҳолда танловда қатнашмаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинмайди ва уларга қўшимча вақт ҳам берилмайди.

 

Абитуриентлар таълим шаклини танлаётганда уларни аралаштириб, истаганидек танласа ҳам бўлади. Масалан, 1-2 йўналишни масофавий, 3-4 кундузги ва 5-йўналишни кечки қилиб танласа бўлади. Абитуриентларга 5 та йўналишни танлаш мажбурий эмас, истамаса бир ёки иккита йўналишни танлаш билан кифояланиши ҳам мумкин.

 

Танлов устуворлигини танлашда ҳам эътиборли бўлиш тавсия этилади. Чунки, кейин ўзгартиришнинг имконияти йўқ. Агар кимдир учун танлаган бешта йўналишидан қайси бирига киришининг аҳамияти йўқ, аммо грант бўлиши керак бўлса, бу ҳолатда абитуриентга грант устуворлигини танлаш тавсия қилинади. Аксинча, кимгадир грант ёки контракт бўлишдан ҳам кўра, асосий биринчи ва иккинчи йўналишларга ўқишга кириш муҳим бўлса, бундай ҳолатда танлов устуворлигини танласа яхши бўлади.