Талабада ҳайфсан бўлганда грант тақсимоти вақтида ижтимоий фаоллиги ноль бўлиб турадими?

Талабада ҳайфсан бўлганда грант тақсимоти вақтида ижтимоий фаоллиги ноль бўлиб турадими?

Олий таълим вазирлигининг 2025 йил 16 майдаги 186-сонли буйруғи билан тасдиқланган методикага кўра, ижтимоий фаоллик қандай аниқланиши ва қайси кўрсаткич учун неча балл берилиши белгиланган.

 

 

Қоида тариқасида талаба муайян сабаб билан (мисол учун, ОТМнинг ички тартиб қоидалари, Одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузганлиги учун) интизомий жазога тортилганда «Ижтимоий фаоллик индекси»да тўплаган балидан 15 баллгача олиб ташланиши мумкин. Бу ерда 15 балл деганда 100 баллик шкалада назарда тутилмоқда.

 

 

Грант тақсимоти 100 баллик шкалада баҳоланади. Шундан 80 бали академик ўзлаштиришга, 20 бали ижтимоий фаолликка берилади.

 

80 баллни чиқариш учун ГПА балини 16 га кўпайтиришади. Масалан, ГПА 4,6 бўлса: 4,6 х 16 = 73,6 балл

 

Ижтимоий фаоллик бериладиган 20 балл эса қуйидагича аниқланади: талабанинг 11 та йўналишдаги ишлари жами 100 баллик шкалада баҳоланади ва чиққан натижа 5 га бўлинади. Масалан, ижтимоий фаоллик жами 85 балл чиқса: 85 / 5 = 17 балл

 

Якунийси: 73,6 + 17 = 90,6 балл

 

Агар талабада ҳайфсан бўлса, унда 100 баллик шкаладан максимум 15 баллгача олиб ташланиши мумкин. Лекин қолган 85 балига даъвогарлик қилаверади.

 

 

Агар 20 баллик асосий шкаладан ҳисобласак, унда 15 ни 5 га бўлишимиз керак: 15 / 5 = 3 балл. Демак, ҳайфсани бор талабадан ижтимоий фаоллик учун максимум 3 балл олиб ташланиши мумкин холос, тўлиқ 20 балл олиниши қоидаларга зид.