Айрим ота-оналарга фарзандининг боғчаси учун ҳар ой 618 минг сўм пул берилади

Айрим ота-оналарга фарзандининг боғчаси учун ҳар ой 618 минг сўм пул берилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги 484-сон қарори билан Камбағал оилалар реестрига киритилган ёлғиз ота ёки оналарга фарзанди мактабгача таълим муассасасида тарбияланиши учун моддий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу низомга кўра, ёрдам Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия шаклида берилади.

 

Кимлар моддий ёрдам олиши мумкин?

 

Низомга кўра, моддий ёрдам қуйидаги талабларга жавоб берадиган ёлғиз оналар (оталар)га берилади:

 

– Камбағал оилалар регистрига киритилган бўлиши;

– расмий банд бўлиши;

– фарзанди 6 ёшга тўлмаган бўлиши;

– фарзандининг мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган бўлиши керак.

 

 

Моддий ёрдам миқдори

 

Моддий ёрдам ҳар бир оиланинг фарзанди учун мактабгача таълим ташкилотига ҳақиқатда тўлаган тўлов миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим бараваридан ошмаган ҳолда берилади. Агар оилада эгизаклар бўлса, ёрдам ҳар бир эгизак учун алоҳида тўланади. Бироқ, бир ота ёки она бир нафар фарзанд учун фақат бир марта моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.

 

Моддий ёрдам олиш учун ариза топшириш тартиби қандай?

 

Ариза берувчилар қуйидаги усуллардан бири орқали мурожаат қилишлари мумкин:

 

1.  «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ёки Давлат хизматлари марказларига шахсан бориш.

 

2. «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» (ЯМИҲ) ахборот тизими орқали.

 

3. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали.

 

Ариза топширишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

 

  • Қонуний вакилнинг фуқаролик биометрик паспорти ёки ИД-карта маълумотлари.
  • Фарзанд(лар)ининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси маълумотлари.
  • Мобил телефон рақами.
  • «Халқ банки»да очилган банк картаси («ижтимоий карта») маълумотлари.

 

Ариза берувчи аризани киритишдан олдин оммавий оферта шаклидаги ижтимоий шартнома билан танишиб чиқиши ва уни тасдиқлаши шарт.

 

Аризани кўриб чиқиш ва тўлов жараёни

 

Аризада кўрсатилган маълумотлар «ЯМИШ» ахборот тизими орқали «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро платформаси ёрдамида бир иш куни ичида автоматик тарзда текширилади.

 

Ариза қаноатлантирилган тақдирда, қонуний вакил моддий ёрдам олувчилар рўйхатига киритилади ва бу ҳақда унинг мобил телефонига СМС-хабарнома юборилади.

 

Ҳисобланган моддий ёрдам маблағлари ҳар ойнинг 10-санасигача тўлов олувчининг «ижтимоий картаси»га ёки «Халқ банки»да очилган банк картасига ўтказиб берилади.

 

Моддий ёрдам тўхтатилиши мумкин бўлган ҳолатлар

 

Моддий ёрдамнинг ҳисобланиши ва тўланиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

 

–  Фарзанд 6 ёшга тўлганда.

–  Оила Камбағал оилалар регистрида ҳисобдан чиқарилганда.

–  Қонуний вакил расмий банд бўлмаган тақдирда.

–  Бола доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетганда.

–  Бола вафот этганда, ёки бедарак йўқолган деб топилганда.

–  Бола мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари рўйхатидан чиқарилганда.

–  Бола тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда.

–  Ижтимоий шартномада назарда тутилган мажбуриятлар қонуний вакил томонидан бажарилмаганда.

 

Ушбу тизимнинг жорий этилиши ёлғиз ота-оналарни ижтимоий ҳимоя қилиш ва фарзандларининг мактабгача таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган муҳим қадамдир.