Талабаларни турар жойга қандай кетма-кетлик асосида жойлаштиради?

Талабаларни турар жойга қандай кетма-кетлик асосида жойлаштиради?

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 август кунги 376-сон қарорига мувофиқ, олий таълим муассасаси томонидан талабалар турар жойидаги ўринлар сони умумий рўйхат бўйича факультетлар кесимида тақсимланиши мумкин.

 

 

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.

 

 

Умумий рўйхатга киритиладиган талабалар қуйидаги кетма-кетлик асосида талабалар турар жойига жойлаштирилади:

 

– битта оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-контракт асосида ўқиётган оила фарзандлари;

 

– кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар (кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар турар жойига эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ таъминланмасдан туриб, бошқа таълим шаклида ўқиётган талабаларни турар жойга жойлаштиришга йўл қўйилмайди);

 

– талаба қизлар (талабалар контингентидан келиб чиқиб олий таълим муассасаси ректори (директори) ушбу устуворлик улушини белгилайди);

 

– бакалавриат босқичида ўқиётган талабалар (бакалавриат босқичида ўқиётган турар жойга эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ талабалар турар жойига жойлаштирилмасдан, таълимнинг магистратура ва докторантура босқичида ўқиётган талабаларни турар жойга жойлаштиришга йўл қўйилмайди);

 

– олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуддан бошқа ҳудудда доимий яшовчи талабалар;

 

– ариза берилган сана бўйича навбат асосида.

 

Имтиёзли ва умумий рўйхатлар бўйича барча навбатлар ҳар ўқув йили якунидан сўнг бекор қилинади ҳамда август ойидан бошлаб талабаларнинг мурожаатлари асосида қайтадан шакллантирилади.

 

Талабаларни олий таълим муассасаси талабалар турар жойларига қабул қилиш ЙИДХП ёки давлат хизматлари марказлари орқали берилган йўлланма асосида ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

Талабаларни талабалар турар жойига йўлланмасиз қабул қилиш тақиқланади.

 

Талабаларни талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича йўлланмалар тақдим этилган ўқув йили учун (яъни 1 йил давомида) амал қилади.

 

 

Аввалроқ, айрим тоифадаги талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойларига қабул қилиниши ҳақида маълумот берган эдик.