Касаба уюшмаси B2 сертификатига доир амалиёт бўйича вазирликка мурожаат йўллади

Касаба уюшмаси B2 сертификатига доир амалиёт бўйича вазирликка мурожаат йўллади

Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши хорижий тиллар фани ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларининг Б2 даражадаги тил сертификатига эга эмаслиги сабабли бекор қилинаётганидан норози бўлиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига расмий мурожаат юборди.

 

Мурожаатда таъкидланишича, 2021 йилда қабул қилинган ҳукумат қарорларига биноан, хорижий тиллар ўқитувчиларидан 2025/2026-ўқув йилига қадар камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатига эга бўлиш талаби қўйилган. Бироқ, мазкур талаб педагогнинг лавозимга тайинланиши учун асосий шарт эмас, балки қўшимча талаб сифатида белгиланган.

 

Касаба уюшмаси мазкур талаб бажарилмаган тақдирда ўқитувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш қонунга зид эканини қайд этади. Меҳнат кодексининг 8-моддасига кўра, ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлаштириши мумкин эмас. Шунингдек, 2023–2025 йиллар учун тузилган Тармоқ жамоа келишувида ҳам сертификат йўқлиги сабабли ишдан бўшатиш мумкин эмаслиги аниқ белгиланган.

 

Касаба уюшмаси қуйидаги чораларни кўришни сўраб мурожаат йўллади:

 

Ҳудудий ташкилотлар ва иш берувчиларга B2 сертификатисиз ўқитувчилар билан тузилган шартномаларни бекор қилиш амалиётини зудлик билан тўхтатиш бўйича кўрсатма бериш;

 

Вазирлар Маҳкамасининг 312-сон қарорига зарур ҳуқуқий ўзгартишлар киритиш;

 

Мазкур қонунга зид кўрсатмалар берган мутасадди ва иш берувчиларга нисбатан интизомий чора кўриш;

 

Ўқитувчиларга нисбатан ҳар қандай камситувнинг олдини олиш.

 

Касаба уюшмаси, шунингдек, вазирликдан мазкур масала бўйича кўрилган чораларни расмий саҳифалар орқали жамоатчиликка етказишни ва қисқа фурсат ичида ахборот беришни сўради.

 

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, бакалавр дипломи мавжуд бўлган педагоглар тўлиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

 

 

Касаба уюшмаси B2 сертификатига доир амалиёт бўйича вазирликка мурожаат йўллади

 

Касаба уюшмаси B2 сертификатига доир амалиёт бўйича вазирликка мурожаат йўллади

Касаба уюшмаси B2 сертификатига доир амалиёт бўйича вазирликка мурожаат йўллади