Олий таълим муассасасининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотаси улушининг чегараси маълум бир олийгоҳнинг қайсидир йўналишига ажратилган квотанинг шунча фоизи миқдорида грант ажратилади. Яъни давлат гранти улушининг чегараси олийгоҳнинг жами квотасидан эмас, балки ўша ОТМдаги йўналишнинг квотасидан фоиз чиқарилади.
Давлат гранти улуши чегарасига мисол тариқасида:
• Филология ва тилларни ўқитиш йўналиши учун жами давлат гранти — 1 580 та;
• Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили учун чегара — 15%;
• Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили квотаси — 800 та.
Дастлаб «Иняз»даги инглиз тили филологияси квотасининг 15 фоизини ҳисобланса: 800 * 15% = 120 та.
Демак, «Иняз»даги инглиз тили филологиясига максимум 120 та грант қабул қилинади. Бундан кам бўлса бўлади, лекин ошиб кетмайди. Қолган 680 та квота тўлов-контракт асосида бўлади.
Энди умумий грант квотасида қанча ўрин қолаётганини кўрамиз. 1 580 – 120 = 1 460 та.
Агар «Иняз»даги инглиз тили филологиясига 120 та грант олинса, унда Филология ва тилларни ўқитиш йўналиши учун 1 460 та грант ўрни бошқа олийгоҳларга ҳамда «Иняз»нинг бошқа йўналишларига (бошқа тилларга) ажратилади.
Унутманг, Филология ва тилларни ўқитиш йўналиши учун ажратилган жами 1 минг 580 та давлат гранти квотаси фақат инглиз тили учун эмас, барча тиллар учун берилган. Бунда барча тиллар бўйича тестга кирган абитуриентлар умумий «қозонга солинади» ва энг юқори балл олганлар давлат гранти улуши чегарасига риоя қилган ҳолда грантга тақсимланади.
