Хитойнинг Шенси провинцияси ҳукумати Тошкент давлат транспорт университетига умумий қиймати 13 миллион юань (тахминан 1,8 миллион АҚШ доллари) миқдорида таълим гранти ажратди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, мазкур грант дастури орқали ўзбекистонлик ёшлар Чанган университетида таҳсил олиш имкониятига эга бўлишади.
Дастур доирасида 10 нафар Phd, 40 нафар магистратура ва 60 нафар бакалавриат босқичи талабаларининг ўқиши молиялаштирилади.
Таълим дастурлари «1+1» магистратура ва «2+2» бакалавриат шаклида амалга оширилади.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим натижаларидан бири бўлиб, у ёш авлодга халқаро тажриба орттириш, замонавий билимларни эгаллаш ҳамда нуфузли диплом олиш имкониятини яратади.
