Абитуриентлар тестдан етарли балл ололмаган тақдирда ҳам қўшимча тўлов (супер-контракт) асосида талабаликка қабул қилиниши мумкин.
Кимлар учун?
Давлат ОТМларига топшириб, қабул квотасидан 4,05 баллгача етмай қолган абитуриентлар супер-контракт орқали ўқишга кира олади.
2024/2025-ўқув йилида қўшимча тўлов (супер-контракт) миқдорлари балл етишмовчилигига қараб белгиланган эди:
1,05 баллгача етмаганлар – контракт нархининг 1,5 баробари
1,06 – 2,05 баллгача – 2 баробар
2,06 – 3,05 баллгача – 2,5 баробар
3,06 – 4,05 баллгача – 3 баробар
Аммо бу йил учун ҳали супер-контракт миқдорлари эълон қилингани йўқ.
Ўтган йилдаги супер-контракт учун шартлар қуйидагилардан иборат эди:
– Супер-контракт фақат биринчи йил учун амал қилади. Кейинги йилларда оддий (базавий) контракт тўланади.
– Тўловни йил давомида 2 қисмга ёки ойма-ой қилиб тўлаш мумкин. Бунда биринчи қисм, 50 фоиз тўловни 15–октабргача тўлашлари талаб қилинади. Қолган қисми ўқиш пулини 4 га бўлиб тўлаш учун белгиланган муддатлар, 1 январь, 1 март ва 1 майга қадар бўлиб тўлашлари мумкин.
– Камида 50 фоиз тўлов қилганлар талабаликка қабул қилинади.
– Тўлиқ (100 фоиз) тўловни 15-октабргача амалга оширганларга 10% чегирма берилади.
Қандай топширилади?
Бунда натижалар эълон қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида олий таълим муассасаси ректори номига ариза бериш талаб этилади. Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартлари биринчи ўқув йили учун тўлиқ бажарилгандан сўнг абитуриент олийгоҳ ректори буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
Қўшимча имконият:
Агар абитуриент 1-йўналишга кира олмаса-ю, 2–5-йўналишлардан бирига қабул қилинса, ўз хоҳишига кўра 1-йўналишда супер-контракт асосида ўқиши мумкин.
Агар ҳеч қайси йўналишга кира олмаган бўлса, у ҳолда танлаган 5 та йўналишдан исталган бирида супер-контракт асосида ўқиш имконияти бор.
