2025 йил 17–21 июль кунлари Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабида касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтди. Имтиҳон жараёнларида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш спорт ихлосмандлари ўз жисмоний тайёргарлик даражаларини намоён этишди.
Имтиҳонлар ҳар куни соат 8:00 да бошланиб, қатъий белгиланган тартиб асосида ўтказилди. Дастлаб Тошкент шаҳри ва вилояти вакиллари, кейинчалик Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан келган талабгорлар босқичма-босқич имтиҳонда иштирок этишди.
Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактабига бу йил 380 дан ортиқ ариза келиб тушди. Статистика шуни кўрсатадики, ҳар бир ўрин учун ўртача 16 нафар талабгор даъвогарлик қилмоқда. Бу эса мактабга бўлган ишонч ва қизиқиш ниҳоятда юқори эканини кўрсатади.
Имтиҳон жараёнида иштирокчилар қуйидаги синовлардан ўтишди:
- 60 метрга югуриш
- Турникда тортилиш (қизлар учун осилган ҳолатда)
- Узунликка сакраш
- Олдинга эгилиш
Шунингдек, махсус жисмоний тайёргарлик бўйича қуйидаги машқлар ҳам бажарилади
- Соя билан жанг,
- қоплар билан ишлаш,
- спаринг машғулотлари
Жараёнлар профессионал мезонлар асосида, спорт муҳити ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилди.
Имтиҳонлар Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактабининг махсус спорт залида ташкил этилди. Ҳар бир иштирокчи спорт кийими, туғилганлик гувоҳномаси ва рухсатномаси билан қатнашди.
Бу имтиҳонлар нафақат жисмоний салоҳиятни аниқлаш, балки ёшларнинг иродаси, интилиши ва спортга бўлган жиддий муносабатини кўрсатди. Энди ҳакамлар ҳайъати томонидан якуний баҳолаш ишлари олиб борилиб, энг муносиб номзодлар саралаб олинади.
Маълумот ўрнида, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги қошидаги Баҳодир Жалолов ҳамда Оксана Чусовитина номидаги спорт мактабларига кириш имтиҳонлари 2025 йил 10–20 июль кунлари бўлиб ўтди. Ушбу спорт мактабларига қабул икки босқич асосида амалга оширилади:
Касбий (ижодий) имтиҳон
Тест синови
Қабул ҳар бир синфда 12 нафардан кам бўлмаган ва 24 нафардан ошмаган ўқувчи сони асосида амалга оширилади.
Баҳодир Жалолов номидаги спорт мактабининг тест жараёнларини 22 июль куни 10:00да бошланди.

