Тошкентдаги нодавлат боғчада тарбиячи ва услубчи болани қийнагани учун жазога тортилди

Тошкентдаги нодавлат боғчада тарбиячи ва услубчи болани қийнагани учун жазога тортилди

 

Тошкент шаҳридаги «Жажжи ниҳоллар» номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси ва услубчиси жиноят содир этгани учун суд томонидан жазога тортилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

 

 

Суд ҳужжатларига кўра, 1997 йилда туғилган тарбиячи Лайло Алимова ва 1957 йилда туғилган услубчи Вазира Гиязова 2024 йил 9-11 декабрь кунлари оралиғида боғчанинг 2022 йилда туғилган тарбияланувчиси Зубайр Анваржоновга шафқатсиз муносабатда бўлган.

 

 

Аниқланишича, Вазира Гиязова болани овқатланишни хоҳламагани учун бош қисмига урган, кийимларидан тортиб судраган ҳамда кроватга зарб билан отган. Тарбиячи Лайло Алимова эса болани ухламагани сабабли бир неча бор ерга улоқтирган, бўйнидан бўғиб, ерга ётган жойида гавдасининг орқа қисмига бир неча маротаба оёқлари билан тепган. Шунингдек, кўтарган ҳолда хона ойнасидан танасини чиқариб, уни ташлаб юбориш билан қўрқитган, сўнгра зарб билан ерга улоқтирган.

 

 

Тарбиячи бу ҳаракатлари орқали болага ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.

 

 

Лайло Алимова судда айбига тўлиқ иқрор бўлган. У суд жараёнида буни жаҳл устида содир этиб қўйганини айтиб, чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган ва суддан енгиллик сўраган.

 

«2024 йил 11 декабрь куни одатдагидай соат 8:00 ларда ишга келиб, ўзимга бириктирилган гуруҳга келган болаларни ота-онасидан соғ-саломат қабул қилиб олдим. Уларга эрталабки нонуштасини бериб, сўнг машғулот ўтказдим. Тушлик вақтида болаларга овқат бердим. Сўнгра ухлашлари учун кроватига ётқиздим. Бу вақтда Зубайр Анваржонов кроватга ётмасдан, нариги хона эшиги олдида йиғлаб турганди. Жаҳлим чиқиб уни оёғим билан уч маротаба тепиб юбордим. Биринчи марта тепганимда Зубайр танаси билан деворга урилди. Сўнг уни кўтариб келиб, кроватига отиб юбордим.

 

Шу вақт хонага услубчи Вазира Гиязова кириб келди. У йиғлаб ётган Зубайр Анваржоновни қўли билан бир маротаба туртиб, кўтариб кроватига отди ва «ухламасанг ўлдираман, ухла» деб хонадан чиқиб кетди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, Зубайр ўрнидан туриб олганини кўрдим ва ушбу ҳолатдан жаҳлим чиқиб, унинг олдига бордим ҳамда қўлимнинг кафт қисми билан юзига урдим. Тахминан 10-15 дақиқадан сўнг Зубайр яна ётган жойидан бошини кўтарди. Жаҳлим чиқиб, ухлашини айтдим ва юзига икки маротаба урдим. Сўнгра ўз ўрнимга ўтириб, телефон аппаратимни ўйнашда давом этдим», — деган у ўз кўрсатмасида.

Айбланувчи Лайло Алимованинг таъкидлашича соат 14:21 да бола ухламасдан йиғлайвергани учун овозини ўчириш мақсадида оғзига чойшабини тиқиб, бир неча марта оғзини қўлим билан ёпиб, бўғиб, юзларига урган.

 

 

Шундан сўнг, Зубайр кўзи очиқ ҳолатда ҳаракатсиз бўлиб қолган. Лайло Алимова уни ҳожатхонага олиб кириб, юзини ювган, сўнгра жойига ётқизиб қўйган. Зубайрнинг ҳаракатсиз ётганидан қўрқиб кетган тарбиячи бошқа ходималарни чақирган. Болага биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишган, аммо у ўзига келмаган.

 

 

Кейин тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, болани шифохонага олиб кетилган.

 

 

Зубайр Анваржоновга шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдамга қарамай, у 2024 йил 14 декабрь куни шифохонада вафот этган.

 

 

Суд ҳукми билан Лайло Алимова Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши) бўйича айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси асосида 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

 

Вазира Гиязовага эса Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми «а, в» бандлари бўйича 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланган.