Нодавлат таълим соҳаси тадбиркори Бектош Хатамовнинг таъкидлашича, 2025–2026 ўқув йилида Ўзбекистон ОТМлари кундузги шаклда 200 минг нафар, бошқа шаклларда эса 100 минг нафар ёшни қабул қилиш имкониятига эга.
Бу чеклов 2024 йил 17 майдаги ПФ–76-сонли Президент фармони асосида жорий этилган бўлиб, унга кўра бошқа шаклдаги қабул кундузги шаклнинг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
Таъкидланишича, бугунги кундаги ҳақиқий эҳтиёж шуни кўрсатмоқдаки, сиртқи ва масофавий таълимга талаб кескин ортиб бормоқда. Аммо мавжуд ОТМларга масофавий таълим бўйича фаолият юритишга рухсат бериш жараёни суст кетмоқда.
ВМ–403-сон қарор (таълим ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжат) ҳали кучга кирмаган, аммо қабул даври якунига етмоқда. Бу оралиқда минглаб ёшлар таълимни хорижда давом эттириш учун бошқа давлатларни танламоқда.
Бектош Хатамовнинг берган ҳисоб-китобларига кўра, йилига 75–90 минг нафар ёш қўшни давлатларга сиртқи ёки масофавий таълим олиш мақсадида чиқиб кетмоқда.
“Ҳар бир талаба ҳисобига ўртача 2000 АҚШ доллари маблағ хорижий ОТМларга тўланаётганини инобатга олсак, бу йилига камида 150 миллион доллар миқдорида маблағнинг четга чиқиши деганидир”, — дейди у.
