Бир гуруҳ педагоглар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга бергани айтилмоқда

Бир гуруҳ педагоглар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга бергани айтилмоқда

 

Бир гуруҳ ўқитувчилар аттестация натижаларидан норози бўлиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга берди. Бу ҳақда «Халқ таълими инфо» манбасига таяниб daryo.uz хабар берди.

 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 апрелдан 14 майгача педагоглар учун аттестация тест синовлари бўлиб ўтган эди. Мазкур малака тест синовларида иштирок этиш учун 190 мингга яқин педагоглар онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 177 минг 640 нафари ёки умумий аризачиларнинг 95 фоизи жараёнларда қатнашганди.

 

 

Аттестация натижаларига кўра, 10 504 нафар педагог олий тоифа, 23 200 нафар педагог биринчи тоифа, 27 805 нафар педагог иккинчи тоифа учун етарли балл тўплаб, ижобий натижалар қайд этган. Шунингдек, 6 603 нафар педагог мутахассис лавозимини сақлаб қолган. Умумий ҳисобда 73 мингдан зиёд педагоглар ижобий натижа кўрсатган. Аммо 104 мингга яқин (58,9 фоиз) педагоглар аттестациядан ўтолмаган.

 

Педагоглар норозилиги

 

Аттестация тест синовлари давом этаётган бир вақтда ижтимоий тармоқларда айрим фан ўқитувчиларининг аттестацияда тушган тест саволларидан норози эканлиги акс этган хабарлар тарқалган эди.

 

 

Даъво аризасида педагоглар аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш, уларга етказилган маънавий зарар ва вакиллик харажатларини ундириш бўйича талаблар илгари сурган. Айрим ҳолларда эса тестларнинг мавзуга алоқадор эмаслиги билан изоҳлаган.

 

 

Тест синовлари давомида айрим ўқитувчилар ижтимоий тармоқларда тест саволларининг мураккаблиги ва мавзуга алоқадор эмаслиги бўйича норозилик билдириб чиққан эди. Вазир ўринбосари Сардор Ражабов бу борада шикоятлар мавжуд бўлса, апелляция комиссиясига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатган. Бироқ ўқитувчиларнинг айтишича, апелляция комиссияси аризаларга бир хил мазмундаги жавоблар билан юборилган.

 

Бир гуруҳ педагоглар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга бергани айтилмоқда

Фото: «Халқ таълими инфо»

 

Судга тақдим этилган даъво аризасида аттестация жараёнига оид 9 та эътирозли ҳолат келтирилган. Жумладан, тест саволларининг мураккаблиги белгиланган вақтга мутаносиб эмаслиги, валидлик ва тестология талабларига риоя этилмаганлиги асосий эътироз сифатида кўрсатилган.

 

 

Шунингдек, даъво аризасида келтирилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази апелляция комиссияси томонидан педагогларнинг шикоятлари асосли, ҳуқуқий ва далилий баҳоланмасдан, «асоссиз» дея топилиб, рад этилган.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йилдаги 572-сонли қарорнинг 60-бандида апелляция комиссияси қарори нусхаси апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан 5 кун муддатда мурожаат этувчи педагог кадрнинг шахсий кабинетига юборилиши белгиланган бўлишига қарамай, ушбу талаблар ваколатли орган томонидан бажарилмаган.

 

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига педагог кадрнинг билими нотўғри баҳолангани, ўқув фани бўйича тест ва малака синови материалларида хато ва камчиликлар борлиги, шунингдек, синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар бўлгани сабабли аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, шунингдек педагогларга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича судга даъво аризаси киритилган.