Бишкек шаҳридаги И. Арабаев номидаги Қирғиз давлат университетида (ҚДУ) хизмат ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда 2025 йил 1 июль куни Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълум қилди.
Қайд этилишича, Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) томонидан «чуқур текширилган ва ишончли маълумотлар» олинган бўлиб, унда Қирғиз давлат университетида хорижий талабаларнинг ўқиши билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланган.
«Аниқланишича, расман ўқишга қабул қилинган бир қатор хорижий талабалар амалда Қирғиз Республикаси ҳудудида бўлмаган, таълим жараёнида иштирок этмаган ҳамда мамлакат ташқарисида бўлиб турган. Ушбу ҳолат юзасидан Қирғиз Республикаси Жиноят кодексининг 346-моддаси 1-қисми («Хизмат ваколатини суистеъмол қилиш») аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди», – дейилади МХДҚ маълумотида.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилишича, тергов-оператив тадбирлар доирасида комиссия текшируви ўтказилиб, мазкур қонунбузарликлар тасдиқланган.
«Текширув натижасига кўра, 59 нафар хорижий талабани ўқишдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди, улардан:
30 нафари – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари,
20 нафари – Қозоғистон Республикаси фуқаролари,
9 нафари – Россия Федерацияси фуқаролари», – дея таъкидланган МХДҚда.
Ҳозирда МХДҚ Қирғиз давлат университетининг профессор-ўқитувчи ҳамда маъмурий таркиби орасида аниқланган қонунбузарликларга алоқадор шахсларнинг доирасини аниқлаш бўйича тергов-оператив ишларини давом эттираётгани қайд этилган.
