Британия таълим тизимида қандай ёндашувлар бор?

Британия таълим тизимида қандай ёндашувлар бор?

Британияда ишлаётган украиналик ўқитувчи Надежда Майбогина Британия таълим тизимининг моҳиятини 5 ёшли бола учун мўлжалланган бир топшириқ мисолида тушунтириб берди. У Facebookдаги саҳифасида Британия ва Украина таълим тизимлари ўртасидаги асосий фарқларни очиб берди.

 

 

Майбогинанинг айтишича, Украинада ўқув жараёни одатда уч босқич асосида қурилади: ёд олиш → тушуниш → қўллаш. Британияда эса бу занжир анча кенгайтирилган: ёд олиш → тушуниш → қўллаш → таҳлил қилиш → баҳолаш → янгилик яратиш.

 

 

Унинг фикрича, Британия тизимида болалар оддий эслаб қолиш ёки тушуниш билан чекланмайди. Улар ўрганган билимини реал ҳаётий вазиятларда қўллаб, асосли хулосалар чиқариши, таҳлил қилиши ва янгилик яратиши кутилади.

 

 

Майбогина Британия таълим тизимини Украина тизимидан фарқловчи икки асосий тамойилни ажратиб кўрсатди:

 

 

Blum taksonomiyasi – Британияда бу ёндашув барча фанлар, барча таълим босқичлари ва шаклларида ягона асос сифатида ишлатилади. Дарсдан тортиб, имтиҳонларгача ҳамма нарса шу асосда қурилади.

 

Қўшилган қиймат концепцияси – Британияда таълим тизими ягона мақсадга хизмат қилади: ҳар бир бола билимини нафақат ўрганиши, балки уни реал ҳаётда фойдали тарзда ишлатиши керак. Бу ёндашув нафақат алоҳида ўқитувчи, балки миллий даражадаги сиёсатгача бўлган барча тизимларда акс этади.

 

 

Майбогина мисол сифатида 5 ёшли болаларга берилган бир топшириқни келтирди. Ушбу топшириқда болалар нафақат ўқишни билиши, балки об-ҳавони тавсифловчи ташқи белгиларни таниб олиши, об-ҳаво қандай аниқланишини тушуниши керак. Бу оддий фактларни ёддан айтиш эмас, балки об-ҳаво ҳодисасининг моҳиятини тушунишга қаратилган топшириқдир.

 

 

Кейинги босқичда болалар об-ҳаво ҳодисасини вақт давомида қандай ўзгаришини таҳлил қилиши керак бўлади. Сўнгра эса ўрганган билимларини конкрет вазиятда, абстракт шаклда – яъни расмларсиз ва умумлаштирилган тарзда – қўллаши талаб этилади. Бу эса болалардан мустақил фикрлаш ва муаммони турли нуқтаи назардан кўра олишни талаб қилади.

 

 

Майбогинанинг фикрича, айнан мана шу ёндашув Британия таълимининг асосий кучли жиҳати ҳисобланади. Чунки бу болаларни нафақат билим олишга, балки уни ҳаётда ишлатишга, мустақил қарор қабул қилишга ўргатади.