«Гарри Поттер» асари болалар адабиётида янги даврни бошлаб берди

«Гарри Поттер» асари болалар адабиётида янги даврни бошлаб берди

«Гарри Поттер» — британиялик ёзувчи J.K.Rowling томонидан яратилган фантастик романлар сериясидир. Бу серия биринчи марта 1997 йилда Bloomsbury нашриёти томонидан чоп этилган «Harry Potter and the Philosopherʼs Stone» («Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши» номи билан танилган) китоби билан бошланган. Бу ёш сеҳргар саргузаштлари ҳақидаги сериянинг биринчи китоби эди. Ўшанда бу оддий бир дебютдек кўринган бўлсада, тез орада бутун дунёни қамраб олган маданий ва адабий феноменга айланди.

 

Китоб билан боғлиқ бўлган қизиқарли фактлар

 

J.K.Rowling «Гарри Поттер»нинг биринчи китобини ёзишда жуда кўп қийинчиликларга дуч келган. У 12 марта рад этилган, лекин ниҳоят Bloomsbury нашриёти уни нашр қилишга рози бўлган.

 

Грйффиндор уйининг ранги қизил ва олтин, бу  J.K.Rowling нинг ўзига хос танлови эмас, балки унинг онасининг севимли рангларидан биридир.

 

Шунингдек, 2003-йилда «Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши» ББC версиясидаги энг севимли китоблар рўйхатида ТОП-25 таликка кирган. Бугунги кунда бу китоб 80 дан ортиқ тилларга таржима қилинган бўлиб, умумий нашр ҳажми (таржималар, аудио ва электрон версияларни қўшган ҳолда) 500 миллион нусхани ташкил этади.

 

Китобда ёзувчи томонидан қўлланилган «Muggle» (магллар) сўзи 2003-йилда Оксфорд инглиз тили луғатига киритилган.

 

Гарри Поттер болалар адабиётини қандай ўзгартирди?

 

«Гарри Поттер» асари болалар адабиётида янги даврни бошлаб берди

 

1990-йилларгача аксарият болалар китоблари кичик ҳажмли ва реалистик бўлган, фентезини асосан катталар ўқиган. Rowling эса болалар узун ва мураккаб китобларни ўқишга тайёр ва қодир эканлигини исботлади: «Гарри Поттер» серияси тижорий жиҳатдан катта муваффақият қозонди ва тўрт йил ичида болалар адабиёти бозорининг 28 фоизини эгаллаган. Энг қизиғи, ёш сеҳргар саргузаштлари билан нафақат болалар, балки катталар ҳам ҳайратланиб ўқиди (ва ҳануз ўқимоқда).

 

«Гарри Поттер» фақат китоблар бўлиб қолмади: у фильмлар сериясига (ҳозирда эса китоблар асосида сериал суратга олинмоқда). «Поттериада» мустақил ва даромадли поп-маданият қисмига айланиб улгурган.

 

Умуман олганда, Гарри Поттер мисли кўрилмаган фантазия жанрига катта қизиқиш уйғотди. Daina Uinn Jons ва Dayan Duayn каби фантазия жанрида ёзувчи аёлларнинг китоблари яхши сотила бошлади, уларнинг сеҳргарлар ҳақидаги асарлари қайта нашр этилди, кўплаб янги муаллифлар ва сериялар пайдо бўлди.

 

Китобхонлар ярим тунда «Гарри Поттер»нинг янги китобини олиш учун тунаб навбат кутишган

 

«Гарри Поттер» асари болалар адабиётида янги даврни бошлаб берди

 

Ҳар янги китоб чиққан сари  J.K.Rowling атрофидаги шов-шув янада кучайган. Лондонда, Нью-Йоркда, Сиднейда, Торонто ва бошқа йирик шаҳарларда мухлислар китоб дўконлари очилишидан 10–12 соат олдин навбатга туришган. Кўпинча улар дўконларга Ҳоггвартс факультетларининг шарфини тақиб, таёқчалари билан, костюмларда келишган.

 

Бутун дунё бўйлаб китоб дўконлари «midnight release» — тунги сотувлар уюштирарди. Дўконлар худди Ҳоггвартснинг филиали каби безатилган: маскарадлар, викториналар ва Гарри Поттерга мос парадлар бўлиб ўтарди.

 

Буюк Британия ва АҚШнинг айрим шаҳарларида «Ажал Туҳфалари» чиққан кечада (2007-йил 21-июль) минглаб одамлар навбатга туришган. Масалан, Лондонда Waterstones ва WHSmith дўконлари олдида 5 минггача одам тўпланган. Кимдир ҳатто чодир билан келган. Нью-Йоркда эса Barnes & Noble дўконидаги навбат бир неча кварталларга чўзилган. Китобнинг биринчи куни ўзиёқ АҚШда 8,3 миллион, Буюк Британияда эса 2,7 миллион нусха сотилган. Бу ҳақиқий рекорд бўлган.

 

Кўплаб болалар илк бор ҳаётида «китобни кутиш»ни ҳис қилишди — худди катталар янги iPhone ёки фильм премьерасини кутгандек. Баъзи ота-оналар китобни сотиб олиб, фарзандларига (ва ўзларига ҳам) кечаси билан овоз чиқариб ўқиб беришган.

 

Нега Гарри Поттердан кейин болалар камроқ ўқий бошлади?

 

«Гарри Поттер» асари болалар адабиётида янги даврни бошлаб берди

 

Аслида, «кейин» эмас, балки «давомида». Ўқишга қизиқиш камайгани ҳақидаги миф кўпроқ ўсмирлик даврига тааллуқли. АҚШдаги Миллий санъат жамғармаси умумий тенденция — ўсмирлар орасида ўқиш камайиши — Гарри Поттер билан боғлиқ эмаслигини таъкидлайди. Ҳатто баъзи тадқиқотчилар, аксинча, Гарри Поттер китоблари илгари кузатилмаган даражада ўқишга бўлган қизиқишни келтириб чиқарганини айтишади. Кўплаб ўқитувчилар, ота-оналар, ҳатто болаларнинг ўзлари бу китобларни ижобий таъсир кўрсатган деб ҳисоблашади. Yankelovich and Scholastic нашриёти томонидан 260 ота-онадан ўтказилган сўровда 85 фоизи фарзандининг Гарри Поттердан кейин ўқишга қизиқиши ошганини, 76 фоизи эса бу китоблар болаларига мактабда муваффақиятли бўлишга ёрдам берганини айтишган.

 

Бироқ, китоб тугагач, ўқишга бўлган қизиқиш сустлашди. Чунки болаларнинг бўш вақтини ижтимоий тармоқлар, видео ва ўйинлар эгаллаб олди. Ҳатто энг ажойиб сюжетлар ҳам оддий рақамли симуляция билан рақобатлаша олмайди.

 

Шунинг учун замонавий болалар китоблари ўртача 60 бетгача қисқарган, ҳолбуки «Гарри Поттер ва Феникс Жамияти» 766 бетни ташкил этади. Мураккаб ва узун матн ўсмирлардан эътибор ва махсус руҳий тайёргарликни талаб қилади, аммо улғаяётган ёш организмда бу қадар сабр-тоқат кўпинча етишмайди.

 

Болаларни ўқишга жалб қилиш учун нима қилиш керак?

 

Масалан, Винчестер коллежи ўқитувчилари ўсмирларни ҳар куни ўқишга ундашни ва мураккаброқ сўз бойлигига эга китобларни тавсия этишни маслаҳат беришади, чунки ўқувчилар оммабоп, енгил сериялар даражасида «қотиб қолмаслиги» керак.

 

Хулоса қилиб айтганда, Гарри Поттер болалар китоби ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирди: узун, катталарга хос, фантазия аммо барибир болалар учун тушунарли. У кўплаб болаларга ўқиш сеҳрини, ажойиб маданий ва эмоционал ҳаяжонни ҳис қилиш имкониятини берди. Ўқув одатларини шакллантириш учун эса ота-оналар болаларга мунтазам равишда янги ва билим берадиган, ўсмирлар ёшига мослаштирилган китобларни тавсия қилишлари керак.