Алихан Динаев — Россиянинг «Йил ўқитувчиси» мукофоти совриндори, Чеченистон «Халқ ўқитувчиси», кўп фарзандли ота, блогер ва таълим иловалари яратувчиси. Яқинда «Радиомактаб» дастурида Динаев болаларнинг таътил вақтида, китоб ўқиш ва мактабдаги зерикиши ҳақида ўзининг қизиқарли мулоҳазалари билан бўлишди.
Динаевнинг фикрича, ёзги таътиллар болалар билимига жиддий таъсир қилади. Айниқса, математика соҳасида. Болалар ёз давомида бироз бўлсада, ўқийди, биология ёки физика билан ҳаётий мулоқотда бўлади, лекин математика билан шуғулланмайди. Натижада, янги ўқув йилининг бошида биринчи ҳафталар ўтган йилги мавзуларни эслаш билан ўтади.
Шунинг учун у ота-оналарга таътил даврида болани классик «ўтириб дарс қилиш» шаклида эмас, балки қизиқарли, интерактив усуллар орқали билимни мустаҳкамлашни тавсия қилади. Масалан, физика билан қизиқаётган бола билан планетарияга боринг, «Юлдузли осмон» иловасини юклаб олиб, юлдузлар харитасини бирга ўрганинг. Биологияга қизиқса — ҳайвонот боғи ёки ўрмон сайри айни муддаодир.
Алихан Динаев китоб ўқишни шахсий ривожланишнинг асоси деб билади. Аммо у замонавий болалар ўқишни бошқача тушунишини таъкидлайди. Бугунги ўқувчи нафақат китоб, балки мемлар, инфографика, видео ва онлайн мақолаларни ўқийди. Бу эса мураккаброқ когнитив фаолликни талаб қилади.
Мактабда эса кўпинча китоблар таҳлилга айлантирилиб, эстетик завқ эмас, факт йиғишга сабаб бўлади: «Обломов қаерда яшарди?», «Чатский ким эди?» — бунинг ўрнига болага савол беринг: «Агар Онегин бошқача йўл тутганида нима бўларди?», «Агар бўғирсоқ думалоқ эмас, куб шаклида бўлганида нима ўзгарарди?»
Фарзандлари билан «Гарри Поттер» китобларини ўқиган Динаев бу жараённи саҳналаштириш, ўйин элементлари орқали жонлантиришни тавсия қилади. Сеҳрли таёқчалар ясаб, афсунлар айтиб ўйнаш, қаҳрамонлар ролини бажариш — булар болага китобни ҳис қилиш, унинг ичига киришга ёрдам беради. Ҳар бир ўқиш сессияси 10 дақиқадан ошмаслиги, сўнг фаол танаффус билан давом этиши тавсия этилади.
Таътил вақтида болаларни китоб ўқишга қизиқтириш учун 5 тавсия:
– Китобни совға қилинг, лекин бошқа совға билан бирга;
– Боланинг қизиқишига мос китоб танланг — масалан, футболчи Месси ҳақидаги биография бўлсин;
– Кичик ҳажмли, енгил ҳикоялар билан бошланг;
– Китоб асосида фильм, спектаклни томоша қилишга ёки музейга ташриф буюринг;
– Ўзингиз ҳам китоб ўқинг;
Шунингдек, болалар билан биргаликда овқатланиш — китоблар ҳақида суҳбатлашиш учун энг яхши вақт. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ота-онаси билан бирга овқатланадиган болалар мактабда яхши ўқийди.
Бугунги бола дарс нима учун кераклигини билишни, фойдасини дарҳол кўришни хоҳлайди. Агар дарс фойдасиз кўринса — эътибор йўқолади. Динаевнинг айтишича, бу болаларнинг рақамли дунёда яшаётгани билан боғлиқ. Интернет, YouTube, ижтимоий тармоқлар — буларнинг барчаси ўқитувчига кучли рақобатчидир.
Шунинг учун у сунъий интеллектдан чўчимайди. Аксинча, янги технологияларни қўллаб-қувватлаб, таълим иловалари яратади. SI репетиторлар аллақачон индивидуал ўқув дастурларини таклиф қила олади.
АҚШда 22 000 ўқувчи орасида ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики: болалар мактабда асосан салбий ҳис-туйғулар — зерикиш, чарчоқ, ғазаб, хафа бўлишни — ҳис қилишади. Фақат 5-ўринда қувонч қайд этилган.
Динаев фикрича, бу бутун дунё мактабларида умумий муаммо. Бола дарсда кулишни, завқланишни, илҳомланишни истайди. Санкт-Петербург университети тадқиқотига кўра, идеал ўқитувчи — «ҳазилкаш ва қизиқарли» бўлиши керак.
Ҳозир машҳур назарияга кўра, болада ички мотивация уч нарса мавжуд бўлса пайдо бўлади: боғлиқлик (гуруҳ билан алоқадорлик), мустақиллик (қарор қабул қилиш эркинлиги) ва компетентлик (ўзини билимли ҳис қилиш).
Шунинг учун уй вазифасини ҳам танлов асосида таклиф қилиш мумкин: кимдир презентация тайёрлайди, кимдир расм чизади ёки инфографика тузади. Муаллим назоратни эмас, илҳом ва эркинликни тақдим этса — идеал дарс юзага келади.
Динаев сунъий интеллектни таълимга жалб қилиш тарафдори. Унга кўра, ўқитувчининг вазифаси энди фақат дарс ўтиш эмас, балки ҳар бир ўқувчи учун индивидуал ўқув йўлини яратишдир.
Аммо у ўқитувчисиз таълимни тўлиқ тасаввур қилмайди. Чунки болага ўқитувчи билан мулоқот қилиш, мустақил бўлиш ва ўзини қадрли ҳис қилиш туйғусини беради.. Шу боис, ҳатто энг илғор технологиялар ҳам ўқитувчининг ўрнини тўлиқ боса олмайди.
Алихан Динаев таълим ҳақидаги қарашлари билан шуни кўрсатадики, мактаб замонавий болаларга қувонч, ижод, мустақиллик ва боғланиш ҳиссини бериши керак. Шундагина мактаб болаларни зериктирмайди, балки уларни билимга ошно қилади.
