«Олий таълим маскани «савдо офиси» бўлмаслиги керак!» — блогер

«Олий таълим маскани «савдо офиси» бўлмаслиги керак!» — блогер

Жамоатчилик фаоли, блогер Нурбек Алимов телеграмдаги саҳифасида олий таълим даргоҳларининг жойлашуви ҳақида ўз фикрларини билдирди.

 

Сўнгги пайтларда шаҳар кўчаларида ажабланарли, аммо энди одатий бўлиб улгурган манзарага кўп дуч келаман: биринчи қават — кафе, дорихона, «там« дўкон, иккинчи қават — олий таълим муассасаси!

 

Бу қандайдир илм маскани эмас, балки таниқли бренднинг янги савдо нуқтаси ёки сервис марказини эслатади. Илм даргоҳи шунчаки «савдо офис»ига айланиб бораётгани эса жиддий хавотир уйғотмай қўймайди.

 

Университет — фақат диплом тарқатадиган жой эмас. Унда жипслашган академик муҳит, талабалар ва устозлар ўртасида узлуксиз мулоқот, лаборатория, кутубхона, кампус, манзарали ҳовли ва сифатли таълим бўлиши керак.

 

Бир неча биноларда тарқоқ ҳолда фаолият юритиш, бу нафақат жараённи қийинлаштиради, балки ўқув сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Илм излаб келган ва катта маблағ тўлаётган талабалар, қанақадир «торговый центр«ларда эмас, ҳақиқий университет муҳитида билим олиши шарт. Бу уларни ҳам маънавий, ҳам моддий ҳаққи ҳисобланади.

 

Давлат бу масалада ўз позициясини аниқ билдириши лозим. Нодавлат олий таълим муассасалари замонавий кампусларга эга бўлиши шарт.

 

Бир сўз билан айтганда, кўча-кўйдаги тарқоқ ўқув бинолардан воз кечиш, тўлиқ жиҳозланган, замонавий ва ягона кампусларга кўчиш вақти келди.

 

Масъуллардан вазиятни назоратга олишади деб умид қиламиз. — дейди блогер Алимов.