Бугун, 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни эканлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев журналистлар, барча ижодий ва техник ходимларни бугунги касб байрами билан табриклади.
«Қадрли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Мамлакатимиз журналистлари ва ижодий жамоалари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, бу йил «Олтин қалам» миллий мукофоти биринчи марта 27 июнда – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида топширилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бугун сизларнинг иштирокингизда тантанали равишда тақдирланадиган барча танлов ғолибларини ва юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларнинг ҳар бирингиз келгусида ўз тажриба ва маҳорат мактабингизни яратиб, миллий журналистикамиз равнақига янада катта ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.
Ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади.
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, қалбимдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Доимо соғ-омон бўлинг, масъулиятли ва шарафли меҳнатингиздан барака топинг, азизлар!»
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
