Замонавий технологиялар болаларнинг ҳаётига чуқур кириб келган. Компьютер ўйинлари нафақат кўнгилочар восита, балки кўплаб болалар учун асосий қизиқиш манбаига айланган. Афсуски, баъзан бу ўйинлар ўқув жараёнига бўлган қизиқишни сўндиради. Кўпчилик ота-оналар «Фарзандим фақат ўйинларга қизиқади, ўқишга эса умуман эътибор бермайди» деган шикоят билан мурожаат қилишади. Аммо бу муаммонинг ечими фақат гаджетларни олиб қўйиш эмас. Муаммони чуқурроқ тушуниш ва боланинг ёшига мос психологик ёндашув зарур.
Бу ҳолат хавотирли туюлиши мумкин, лекин бу дарҳол ёмон дегани эмас. Муҳими — боланинг руҳий ҳолатини, мотивациясини ва эҳтиёжларини тўғри тушуниш.
Психология фанлари номзоди, Москва шаҳар психология-педагогика университети доценти Юлия Переправина бу борада ота-оналарга қуйидагича тавсиялар беради:
Ҳар бир ёш босқичининг ўз эҳтиёжи бор
7–11 ёш оралиғи бу даврда ўқишга бўлган қизиқишни йўқотмаслик жуда муҳим. Чунки айнан шу ёшда ўқув фаолияти боланинг асосий ривожланиш манбаи ҳисобланади. Аммо бу қизиқиш осонлик билан пасайиб кетиши мумкин — масалан, дарсдаги қийинчиликлар, фанлардаги тушунмовчилик ёки ҳаддан ташқари юклама бунга сабаб бўлади.
Шу нуқтада компьютер ўйинлари ҳам фойдали бўлиши мумкин. Кўпчилик болалар ўйинлар орқали янги билим ва кўникмаларни эгаллайди. Масалан: мантиқий фикрлаш, тез қарор қабул қилиш, стратегик режалаштириш бунга мисолдир.
Бу ёшда болада ўқишга бўлган мотивациясини қандай ошириш мумкин?
– Боланинг тушунмаган мавзулари бўйича суҳбат қуриш;
– Интерактив усулларни қўллаш. Масалан, болалар учун мос видеодарсларни кўриш, экскурсияларни ташкил қилиш;
– Фарзанд билан бирга вақт ўтказиш — бу энг кучли турткидир.
12–15 ёш оралиғи
Бу ёшдаги болалар учун асосий эҳтиёж — тенгдошлар билан мулоқотдир. Компьютер ўйинлари бу эҳтиёжни қондириш воситаси сифатида ишлайди: улар суҳбатлашади, тажриба алмашади, ютуқларини солиштиради. Аммо агар бола реал ҳаётда мулоқотда қийналаётган бўлса, ўйинга ҳаддан ташқари чуқур шўнғиб кетиши мумкин. Чунки у ўйинда ўзини «муваффақиятли», реал ҳаётда эса «омадсиз» ҳис қилмоқда.
Бундай ҳолатда нима қилиш керак?
– Сабабни аниқланг. Бола мактабда ўзини қандай ҳис қилаяпти? Дўстлари борми?
– Очиқ суҳбат. Унинг фикрини тингланг, ҳукм қилманг.
– Биргаликда ечим изланг.
Компьютер ўйинларига оддий қизиқиш билан қарамлик ўртасида фарқ бор. Мутахассислар қуйидаги белгиларни қарамлик аломати деб ҳисоблайди:
– Ўйинларни доимий ўйнаш;
– Ўзини назорат қила олмаслик;
– Ўйин ўйнамаётган вақтда қаттиқ асабийлашиш, жисмоний ва руҳий ноқулайлик;
– Ўйин вақтининг доимий ортиб бориши;
– Ўйин туфайли бошқа фаолиятлардан воз кечиш;
– Салбий оқибатларга қарамай, ўйинда давом этиш.
Агар бу белгилар мавжуд бўлса, профессионал психологга мурожаат қилиш тавсия этилади. Мутахассис боланинг ўзини англашига ёрдам беради, фикрлаш тарзини ижобий томонга ўзгартиради, мулоқот ва режалаштириш кўникмаларини ривожлантиради.
Фарзандингиз компьютер ўйинларига қизиқаётган бўлса, бу ҳолатни таҳдид сифатида эмас, балки унинг ички эҳтиёжларини англаш имконияти сифатида қабул қилиш керак. Уни тушунишга, эшитишга, унинг дунёсига киришга ҳаракат қилинг. Шундагина у ўқишнинг ҳам фойдали ва қизиқарли эканини ўзи тушуниб етади.
