АҚШ ҳукумати F, М ва J тоифадаги талаба визалари учун аризаларни қабул қилишни қайта тиклади. Бироқ янги тартибга кўра, барча ариза топширувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги чуқур текширувдан ўтказилади. Бу ҳақда Тhe Washington Post ва CNN нашрлари хабар берди.
Унга кўра, давлат департаментининг элчихоналар ва консулликларга юборган телеграммасида барча абитуриентларнинг интернетдаги аккаунтлари Қўшма Штатларга нисбатан душманона муносабатда бўлиш эҳтимоли нуқтаи назаридан текширилиши белгиланган.
Маълумот учун, 2024 йил май ойи охирида Трамп маъмурияти томонидан элчихоналарга талабалар визалари бўйича янги суҳбатлар тайинлашни кейинги фармойишгача тўхтатиш буйруғи берилган эди. Бу чора АҚШда Фаластин тарафдори бўлган намойишларда қатнашган хорижлик талабаларга нисбатан виза бекор қилиш ва Гарвард университетига хорижлик талабаларни қабул қилмаслик ташаббуслари ортидан жорий этилган эди.

Янги тартиб барча чет эллик фуқароларга – F (академик), М (касб-ҳунар) ва J (таълим ва маданий алмашинув) визалари учун мурожаат қилаётганларга нисбатан қўлланади. Бу талаб талаба қайси муассасага топшираётганидан қатъи назар, барча аризачиларга татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Тhe Wаshington Post нашрининг ёзишича, Давлат департаментининг телеграммаси талаба визаси аризачиларининг «онлайн мавжудлиги»ни чуқур текширишни талаб қилади ва янги қоидалар 5 иш куни ичида кучга киради.
CNNʼнинг хабарига кўра, ариза берувчилардан ижтимоий тармоқлардаги профилларини очиқ (public) ҳолатда тақдим этиш сўралади. Бундай маълумотлар яширилган ҳолатда бўлса, бу ҳолат «муайян фаолиятни яшириш ёки ундан қочишга уриниш» сифатида баҳоланиши мумкин.
Ариза берувчилардан янги текширув доирасида ижтимоий тармоқлардаги профилларини очиқ (public account) қилиб қўйиш сўралади ва «бунинг чекланганлиги маълум бир фаолиятдан қочиш ёки яширишга уриниш сифатида талқин қилиниши мумкин», — деб ёзган CNN.
Telegramмада айтилишича, элчихона ва консуллик ходимлари ижтимоий тармоқлардаги профилларни ўрганиш жараёнида АҚШ фуқаролари, маданияти, ҳукумати, институтлари ёки конституцион тамойилларига душманлик билдирган, хорижий террорчилик гуруҳларини ёки АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган, Шунингдек, ноқонуний антисемит зўравонликка аралашган аризачиларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилади.
![]()
Шунингдек, CNN қайд этишича, янги текширув доираси нафақат ижтимоий тармоқлардаги, балки аризачининг интернетдаги барча фаолиятини — очиқ манбалар, қидирув тизимлари ва консуллик бўлими кириш ҳуқуқига эга бўлган маълумотлар базалари орқали таҳлил қилишни ўз ичига олади.
Давлат департаменти баёнотида айтилишича: «Давлат котиби Марко Рубио департаментни ХХI аср талабларига мослаштириш баробарида, Америка ва унинг университетларини хавфсизроқ қилишга хизмат қилмоқда.»
Халқаро таълим институти (IIE) ҳисоботига кўра, 2023–2024 ўқув йилида АҚШ олий ўқув юртларида 1,1 миллиондан ортиқ хорижий талаба таҳсил олган. Улар орасида Ўзбекистонлик талабалар сони 1 219 нафарни ташкил этган.
