Сиртқи таълимни тугатилишига оид мутахассислар фикри ўрганилди

Сиртқи таълимни тугатилишига оид мутахассислар фикри ўрганилди

Хабарингиз бор, президент фармони билан 2025/2026 ўқув йилидан олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига қабул тугатилди.

 

 

Унга кўра, сиртқи таълим ўрнига муқобил (кечки, масофавий) шакллар учун квоталар оширилади. Кредит-модуль тизимига асосланган мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time education) жорий этилади.

 

 

Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан иккинчи мутахассислик бўйича ҳам сиртқи таълим шаклида қабул тугатилди. Бунинг учун кундузги, масофавий ёки кечки таълим шаклларидаги йўналишларда ўқиш мумкин.

 

 

Сиртқи таълим шаклидаги ўзгаришлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, жамоатчилик, айниқса, бўлажак талабалар ва уларнинг яқинларида турли саволларни келтириб чиқармоқда.

 

 

Мазкур мавзу бўйича юзага келаётган саволлар ва тушунмовчиликлар юзасидан spot.uz орқали бир қатор соҳа мутахассислари ўз муносабатини билдирди.

 

 

Сиртқи таълим нима учун керак эди?

 

Сиртқи таълим — асосан ишлаётган фуқаролар, катта ёшдагилар, аёллар ва чекка ҳудудда яшовчи кишилар учун мўлжалланган, қулай ва мослашувчан шакл эди. 2018 йилда қайта жорий этилган ушбу тизим қисқа фурсатда катта аудиторияни ўзига тортганди. Бугунги кунда сиртқида таҳсил олаётган талабалар сони 700 мингга яқинлашган.

 

 

Profi University асосчиси Бектош Ҳатамов бу тизимни «халқни оммавий равишда ўқитиш жуда қийин, сиртқи таълим шу вазифани қайсидир маънода бажараётганди» деб атаган. Унга кўра, сиртқи таълим мамлакатда иш билан бандликни таъминлаш, айниқса, қишлоқларда ўқитувчи етишмовчилигининг олдини олишда муҳим восита бўлиб келган.

 

 

Сиртқи таълимни тугатилишига оид мутахассислар фикри ўрганилди

 

Янги жорий этилаётган мақбуллаштирилган кундузги таълим (part-time), масофавий ва кечки таълим шакллари сиртқининг ўрнини босишга уринади. Аммо бу шаклларнинг самарадорлиги, инфратузилмаси, ҳудудлараро тенглиги ва қулайлик даражаси ҳали жиддий саволлар остида қолмоқда.

 

«Мактабгача таълим йўналишида ўқийдиганларнинг кўпчилиги боғчада энага вазифасида ишлаб келмоқда. Улардан тарбиячи лавозимига ўтиши учун олий маълумот талаб қилинади. Хўш, энди уч йил умрини (мактабгача таълим йўналиши кундузги шаклда уч йил ўқилади) эрталабдан кечгача университетда ўтказиб, тарбиячи бўламан, деган нечта мактаб битирувчисини топа оласиз? Чунки кундузги таълимнинг 90%и мактаб битирувчилари ҳисобланади, яъни уларда иш йўқ. Бошқа йўналишларда ҳам шу ҳолатни кўриш мумкин.» — деган Бектош Ҳатамов.

 

Сиртқи таълим тугатилиши иқтисодиётга таъсир кўрсатдими?

 

Иқтисодиёт фанлари доктори Барногул Санақулованинг фикрича, сиртқи таълимнинг тўсатдан бекор қилиниши иқтисодий оқибатларга ҳам олиб келади:

 

«Сиртқининг тугатилиши қўшни давлатлар, шу жумладан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги сиртқи таълимни таклиф қилаётган университетларга катта миқдордаги ўзбек ёшлари оқимининг кетишига олиб келади. Яъни бу орқали ҳукумат сиртқи таълим олишни мўлжаллаган ёшларни қўшимча харажат қилишга мажбур қилиш билан бирга, катта миқдордаги валютани ташқарига чиқиб кетишини ҳам таъминлайди. Чунки қўшни давлатларда ҳам контракт пулини тўлаш ва бошқа харажатлар валютада амалга оширилади», — деб таъкидлаган Барногул Санақулова.

 

Бундан ташқари, сиртқи таълим хусусий олийгоҳлар учун молиявий барқарорлик манбаси бўлгани ва энди бу имконият ҳам йўққа чиқаётганлигини билдирган.

 

Сиртқи таълимни тугатилишига оид мутахассислар фикри ўрганилди

 

Таълим сифатига оид далилларнинг бор-йўқлиги

 

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Амрулло Каримов таълим сифатига оид танқидларни эҳтиёткорлик билан баҳолаш лозимлигини айтган.

 

«Сиртқида сифатсиз кадрлар етишиб чиқаётгани, талабга жавоб бермаслиги тўғрисида статистик маълумотлар борми? Ижтимоий ўрганишлар, сўровномалар ўтказилганми? Афсуски, бу борадаги тадқиқотларни ҳали эшитмадик, натижаси билан танишмадик. Бутун дунёда кадрлар сифати ўрганишлар билан белгиланади.»

 

Худди шундай фикрни иқтисодчи Барногул Санақулова ҳам илгари сурган:

 

«Сиртқи таълимни тугатишдан аввал таҳлиллар ўтказилиши керак эди. Бугун кимлар сиртқига қизиқиш билдириб, таълим олаётгани ва кимлар дарс бераётгани каби қатор саволларга сўровномалар орқали жавоблар олиниши зарур эди. Аммо сиртқи таълимга оид бирор тадқиқотни яқин орада кўрганим йўқ.»

 

 

Вазирлик позицияси

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузованинг қайд этишича, сиртқи таълим шаклида таълим олишнинг самарадорлиги, академик интизом, сифат назорати, ва билимлар чуқурлиги, юқори таълим стандартларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммолар намоён бўлган.

 

Айнан шу сабабларга кўра, 2025 йилдан бошлаб олий таълим сифатини янада ошириш, таълим жараёнида шогирд-устоз анъаналарини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларга асосланган ўқитиш тизимини кучайтириш мақсадида сиртқи таълим шакли босқичма-босқич тугатилди. Шу билан бирга, ҳозирда сиртқида таҳсил олаётган талабалар ўқишини белгиланган тартибда давом эттиради. Яъни, улар танлаган йўналишлари бўйича амалдаги давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўқишни якунига етказиш имкониятига эгалар.

 

Сиртқининг тугатилиши орқали олий таълимда сифатни ошириш, замонавий талабларга мос билим бериш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш йўлида муҳим қадам қўйилмоқда.