Google Компания раҳбарияти бир қатор бўлимлар ходимларига, жумладан, билим ва ахборот бўлими (К&I), муҳандислик, маркетинг, илмий тадқиқотлар ва коммуникация бўлимларига ихтиёрий ишдан кетиш эвазига компенсация тўлаш таклифини билдирди.
Билим ва ахборот бўлими (Knowledge & Information, K&I) таркибига қидирув тизими, реклама ва тижорат бўйича жамоалар киради. Ушбу бўлимда тахминан 20 минг ходим фаолият юритади. Бу ташаббус 2023 йилда 12 минг ходим ишдан бўшатилганидан кейин бошланган штатни қисқартириш бўйича давом этаётган ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади.
Ихтиёрий ишдан кетиш дастури (Voluntary Exit Program, VEP) ҳозирча АҚШдаги ходимларга нисбатан қўлланилмоқда. К&I бўлими раҳбари Ник Фокс ўз меморандумида бу дастурнинг, айниқса, компания стратегиясини қўллаб-қувватламайдиган, ишидан илҳомланмаётган ва вазифаларини бажаришда қийинчиликка дуч келаётган ходимлар учун мўлжалланганини таъкидлаган.
Google жорий йил бошида ҳам бошқа бўлимлар учун ихтиёрий ишдан кетиш дастурларини ишга туширган эди. Январь ойида бу каби дастур Platforms and Devices бўлими — Андроид, Chrome, Google Photos ва Pixel каби маҳсулотлар устида ишловчи 25 мингга яқин ходимни қамраб олган. Февралда эса People Operations (Кадрлар билан ишлаш), шунингдек, юридик ва молиявий бўлимлар ходимларига ҳам шундай таклифлар берилган.

People Operations бўлимида ўрта ва юқори лавозимдаги ходимларга 14 ҳафталик иш ҳақи миқдорида товон пули ва компанияда ишлаган ҳар бир тўлиқ йил учун қўшимча бир ҳафталик иш ҳақи миқдорида қўшимча компенсация таклиф қилинган эди. Ник Фокснинг қайд этишича, К&I бўлимида бу дастурни йўлга қўйиш қарори айнан бошқа бўлимлардаги ижобий тажриба ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қабул қилинган.
Компенсациялардан ташқари, Google ходимларнинг офисга қайтиш сиёсатини ҳам қатъийлаштирмоқда. Офисдан 50 миль (тахминан 80 км) радиусда яшовчи масофадан ишловчи ходимлар ҳафтасига камида 3 кун офисга боришни назарда тутувчи гибрид иш тартибига ўтиши мумкин.
CNBC апрель ойида хабар берганидек, Google баъзи масофадан ишловчи ходимларга офисга қайтишни талаб қилган, акс ҳолда ишдан бўшатиш билан таҳдид қилган ҳоллари ҳам бўлган.
