Қабул жараёни бу йил қандай бўлади?

 

Президентнинг 2024 йилги «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаъъги фармонига кўра, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилиши белгиланган.

 

Ушбу қарорга мувофиқ қабул жараёнлари қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

 

 

1-босқич: бунда абитуриентлар фақат тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган олийгоҳни танлайди.

 

 

Имтиҳонлар июль–август ойларида ўтказилади.

 

 

2-босқич: абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди. Яъни ўзининг олган балига қараб, тестлар ўтиб бўлгандан кейин, қайси олийгоҳнинг қайси йўналишига топширишини танлайди. Ўйлаб олиш, таҳлил қилиш учун 15 кун вақт бўлади.

 

Сертификатни рўйхатдан ўтиш тугаганидан сўнг қўшиш мумкинми?

 

2025/2026-ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили 1-фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.

 

 

Энди абитуриентларда савол туғилиши мумкин. Давлат ОТМ га ариза топшириш тугаганидан сўнг хорижий сертификатни қўшиб қўйиш мумкин? Буни жавобини билиш учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот котиби Жавлон Нурматов билан боғландик.

 

ʼʼ25 июнга қадар ва шу куни ҳам давлат ОТМ ларга рўйхатдан ўтиш мумкин. Лекин абитуриентнинг халқаро сертификати жавоби 25 июндан кейин чиқса, қабул қилинмайдиʼʼ, — деб жавоб берди.

 

Яъни абитуриентнинг IELTS ва бошқа сертификатларнинг жавоби 25 июнь куни соат 23:59 дан кейин чиқса, сертификат қабул қилинмайди.