Ҳозирги сиртқи таълимда ўқиётган талабалар диплом оладими?

Ҳозирги сиртқи таълимда ўқиётган талабалар диплом оладими?

 

Бугун, 16 июнь куни АОКА да сиртқи таълим шакли тугатилиши юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари томонидан келаётган саволларга жавоб берилди.

 

 

Унга кўра, ҳозирда сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар амалдаги тартибда ўқишни тамомлайди ва уларга тан олинадиган намунадаги диплом берилиши таъкидланган. Яъни, улар танлаган йўналишлари бўйича амалдаги давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўқишни якунига етказиш имкониятига эгалар.

 

«Сиртқи таълим шаклида таҳсил олиб, белгиланган тартибда диплом олган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тўлиқ олий маълумотли мутахассислар ҳисобланади. Уларга бериладиган диплом кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклидаги дипломлар билан тенг юридик кучга эга.

 

Шу боис, бундай мутахассисларни давлат ёки хусусий секторда расмий ишга қабул қилишда ҳеч қандай ҳуқуқий тўсиқ мавжуд эмас. Иш берувчилар уларнинг таълим шаклидан келиб чиқиб эмас, балки эгаллаган билим, кўникма ва профессионал салоҳияти асосида баҳолаши лозим».

 

Ҳозирги сиртқи таълимда ўқиётган талабалар диплом оладими?

 

Шунингдек, келгусида кундузги таълимга муқобил шакллар, жумладан, масофавий, кечки ва мақбуллаштирилган кундузги (part-time) таълим шакллари босқичма-босқич ривожлантирилиб, уларга қабул кўрсаткичлари кенгайтириб борилиши қайд этилган. Бу эса муайян иш ўрнига эга абитуриентлар учун ўқиш ва меҳнат фаолиятини бир вақтда олиб бориш имконини беради.

 

 

Масофавий таълим замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилиб, талабаларга бевосита таълим муассасасига келмасдан билим олиш имконини яратади. Шу билан бирга, кечки таълим шаклида ўқиш иш вақтидан кейинги соатларда амалга оширилиб, ишловчи шахсларга қулай графикда таълим олишни таъминлайди.

 

 

Ҳукумат томонидан бу соҳадаги ташкилий-ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилиши, ўқув дастурларининг талабга мослаштирилиши ва таълим сифатининг таъминланиши бўйича аниқ чоралар кўрилаётгани кўзда тутилган.