Россия олий таълим муассасалари кейинги икки йил ичида олий таълимнинг янги моделига ўтади. Бу ҳақда Россия Фан ва олий таълим вазири Валерий Фалков маълум қилди.
«Биз 2026–2027 йилларда кенг кўламли ўтиш жараёнини бошлашни режалаштирмоқдамиз. Бугунги кунга келиб биз бу модель ҳақида тўлиқ тасаввурга эгамиз… Бизнинг вазифамиз ҳозир норматив-ҳуқуқий жиҳатдан катта ишларни амалга оширишдир. Чунки бу борада федерал қонунчилик даражасида бир қатор ўзгаришлар киритилиши, шунингдек, вазирлик ва ҳукумат томонидан кўплаб янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши лозим», — деди у РИА «Новости» ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Маълум қилинишича, 2023 йил май ойида ушбу йўналишда пилот лойиҳа бошланган бўлиб, унда Россиянинг 6 етакчи олийгоҳи иштирок этмоқда. Эксперимент доирасида талабалар базавий ва ихтисослашган олий таълим олишади. Аспирантура эса мустақил профессионал таълим тури сифатида шакллантирилган бўлиб, у илмий-педагогик ва илмий-тадқиқот кадрлари тайёрлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Россия президенти Владимир Путин олий таълим ислоҳоти бўйича фармонни имзолаган эди. Профессионал таълим даражаларини ўзгартириш бўйича пилот лойиҳа икки даражадаги олий таълимни назарда тутади: базавий олий таълим ва ихтисослашган олий таълим. Профессионал таълим даражаси сифатида аспирантура белгиланади. Ихтисослашган олий таълим даражасида магистратура, ординатура ва ассистентура-стажировка дастурлари амалга оширилади.
Икки йил аввал Фалков 2025 йилдан бошлаб Россия олий таълим тизимида «бакалавр» тушунчаси бўлмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, фақат «олий» ва «ихтисослашган олий» таълим даражалари бўлади. Магистратура эса сақлаб қолинади. Ўша пайтда Татаристон Республикасининг фан ва таълим вазири Илсур Хадиуллин вилоятда олий таълимни қайта ташкил этиш бўйича ишлар ҳали бошланмаганини айтган эди.
Йил бошида Фан ва олий таълим вазирлиги Россия университетлари янги олий таълим тизимига 2026 йил 1-сентябрдан бошлаб ўтишини билдирган эди. Мавжуд ўқув дастурлари асосида ўқиётган талабалар ўзларининг танлаган дастурларини тўлиқ тамомлаш имконига эга бўлишади.
