Намангандаги хусусий боғчада тарбиячи болаларни ҳақоратлаб урди (видео)

Намангандаги хусусий боғчада тарбиячи болаларни ҳақоратлаб урди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Наманган туманидаги хусусий боғчада тарбиячи болаларга қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео тарқалди.

 

 

Унга кўра, боғча ходими тарбияланувчи болалар билан мусиқали ўйин ташкил қилаётган вақтда уларга нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлган. Шунингдек, аёл болаларни ҳақоратлаб урган. Видеода унинг «Тур, тур! Мен кимга жон куйдиряпман?» дея жуда баланд овозда бақиргани ҳам акс этган.

 

 

Аниқланишича, Эшобод маҳалласидаги ушбу мактабгача таълим муассасаси ноқонуний ишлаб келган. Шу сабаб фаолияти тўхтатилиб, болалар билан қўпол муносабат қилган тарбиячи билан профилактик суҳбат ўтказилган. Ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун ИИОга ҳужжат тақдим этилгани маълум қилинган.

 

 

Ҳолат бўйича Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди. Унда, туманнинг «Эшобод» МФЙ ҳудудида жойлашган «3-Ренессанс авлодлари» номли мактабгача таълим ташкилоти бир фуқаро томонидан нотурар жойда давлат рўйхатидан ўтмасдан ва лицензиясиз ишлаётгани аниқланган.

 

«Видеода келтирилган муассаса тарбиячиси билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Келгусида бундай вазиятларнинг такрорланмаслиги юзасидан қатъий огоҳлантирилди ва зарур тушунтириш ишлари олиб борилди.

44 нафар бола қамраб олинган ушбу ноқонуний мактабгача таълим ташкилоти фаолияти тўхтатилиб, юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга барча ҳужжатлар тақдим этилганлиги билдирилади», – дейилади хабарда.