Агар ходим 3 июндан ҳар йилги меҳнат таътилига чиқса, таътил пули 2 июнгача (шу куни ҳам) тушиши керак эди. Агар бу амалга ошмаган бўлса, демак, қонунчилик бузилмоқда.
Меҳнат кодексининг 333-моддасига кўра, иш берувчи таътил тўловларини тўлаш муддатини бузган тақдирда пулли компенсация тўлаши шарт.
Кўпчилик иш берувчилар пулли компенсация тўлаш шарт деган жумлани нотўғри талқин қилиб, ахир иш берувчи мактаб директори бўлса, таътил пули кечикишига директор айбдор эмаску, нега пулли компенсацияни у тўлаши керак деб ҳам савол беради.
Эътибор беринг, Меҳнат кодексининг 19-моддасига кўра иш берувчи – бу директор эмас, мактаб ҳисобланади. Яъни, пулли компенсацияни директор ўз чўнтагидан эмас, мактаб (давлат бюджети) ҳисобидан тўлаб беради.
Меҳнат кодексининг 333-моддаси талабларидан келиб чиқиб, ходимнинг таътил пули миқдори (шартли равишда) 6 миллион сўм тўланиши керак бўлса, агар ушбу сумма 10 кунга кечиктирилса, ҳар бир кечиктирилган кун учун қуйидагича ҳисоб-китоб қилинади:
6 миллион сўмнинг 1.4 фоизи 84 минг сўм бўлади.
Бу ерда, 1.4 фоиз – бугунги кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг 14 фоизи бўлиб, Меҳнат кодексининг 333-моддаси талаби бўйича 10 фоизи олинган.
Шунга кўра, иш берувчи ходимга ўн кун учун 840 минг сўм (шартли равишда) пулли компенсация тўлаши лозим.
Мазкур пулли компенсация ходимга тўлаб берилмаган тақдирда ҳудудий меҳнат инспекциясига ёки туманлараро судга мурожаат қилиш мумкин.
