Қашқадарёдаги мактабда ўқитувчи битирувчиларга имтиҳон жавобларини пулга сотдими? (видео)

Қашқадарёдаги мактабда ўқитувчи битирувчиларга имтиҳон жавобларини пулга сотдими? (видео)

 

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёдаги мактаблардан бирида ўқитувчи битирувчи ўқувчилардан имтиҳон жавобларини сотишга урингани тасвирланган видео тарқалди.

 

 

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги 35-мактаб ўқитувчиси битирувчиларга она тили ва адабиёт фанидан бўлиб ўтган имтиҳоннинг жавобларини сотишга уринган. Ўқитувчи жавоблар компьютер хизматлари кўрсатувчига сотишга берилганини айтиб, агар хоҳловчилар бўлса 5000 сўмдан сотиб олишлари мумкинлигини айтган.

 

 

Аниқланган камчиликларга асосан, мактаб директорига таъсир чораси қўлланилган ва ўзбошимчалик билан иш тутган ўқитувчи ишдан четлатилган.

 

 

Аммо видеода айнан тестларнинг жавоби сотилаётганига оид бирор сўз айтилмаган. Ўқитувчи 6 варақнинг нархи 5 минг сўмлигини билдирган.

«Йўқ, мен «ксерокопиячи»га элтиб бераман, меники эмас, тахлаб қўйибди, шаҳар маркази атрофидан сотволиб олиб кетяпти, мен ҳам сотиб олдим. Тўғрисини айтаман, нима кераги бор? Мен «қайтариб пулини олиб келиб бераман сота олмасам» дедим, майли дейишди», – деган у.

 

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида видео муаллифи билан боғланган. Таъкидланишича, ҳолат 28 май куни она тили ва адабиёт фанидан ўтган имтиҳонда бўлган. «Шунда ўқитувчи имтиҳон жавобларини ўқувчиларга сотди», – деган у.

 

 

Қашқадарё вилояти бошқармаси 9 июнь куни ўрганишлар бошланганини маълум қилган.

ʼʼМазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан ўрнатилган тартиб асосида ўрганилмоқда. Ўрганишлар якуни юзасидан расмий муносабат бериладиʼʼ, — дейилган расмий муносабатда.