Мактабда болаларнинг калтакланишига йўл қўйган масъуллар ишдан олинди

Мактабда болаларнинг калтакланишига йўл қўйган масъуллар ишдан олинди

 

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 34-умумтаълим мактабида 4-синф ўқувчиларидан бирининг отаси синф хонасига кириб, болаларни калтаклагани ва бу ҳолатга синф раҳбар томошабин бўлиб қараб тургани акс этган видео тарқалди.

 

Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 30 апрель куни 4 -«б» синфда содир бўлган. Шу куни синф ўқувчилари кўчада ўзаро жанжаллашиб қолган ва болалардан бири ўртоғининг отасига қўнғироқ қилиб, унинг ўғлини уришганини айтган. Ота шу заҳоти синф хонасига келиб, ўғлини урган болаларни бошқаларнинг олдида калтаклай бошлаган.

 

Мактаб раҳбарияти томонидан отанинг ноқонуний хатти-ҳаракати бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига расмий мурожаат қилинган.

 

Бегона шахсни мактабга бемалол киришига йўл қўйган мактаб қоровули ва ўз хизмат вазифасига нисбатан масъулиятсизлик билан ёндашган мактаб директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

 

Синф раҳбари ва мактаб директорининг тегишли ўринбосарлари фаолиятини ўрганиш мақсадида айни пайтда хизмат текшируви амалга оширилмоқда. Текширув натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилиши айтилди.