Сирдарёда муҳандислик ва агротехнологиялар институти ташкил этилиши мумкин

Сирдарёда муҳандислик ва агротехнологиялар институти ташкил этилиши мумкин

 

Муҳокамалар порталига Ҳукуматнинг «Янгиер давлат муҳандислик ва агротехнологиялар институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

 

 

Унга кўра, 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ва Гулистон давлат университетининг қишлоқ хўжалиги ҳамда муҳандислик-техника йўналишлари ва мутахассисликлари негизида «Янгиер давлат муҳандислик ва агротехнологиялар институти»ни жорий этиш таклиф этилмоқда.

 

 

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига Институт дипломи берилади.

 

 

Институтда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

 

 

– ҳудудий ривожланиш дастурларига мувофиқ эҳтиёж юқори бўлган муҳандислик, ишлаб чиқариш, математика, информатика, яшил энергетика, сунъий интеллект, агротехнология, ахборот технологиялари ва дастурлаш каби соҳалар учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

 

 

– дарс машғулотларини амалиёт билан бирга ташкил этиш мақсадида тегишли йўналишлар бўйича таълим жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда кафедра филиаллари ташкил этилади ҳамда таълим жараёнига узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга амалиётчи мутахассислар жалб этилади;

 

 

– янги ташкил этилган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича хорижий давлатлар ва республикадаги етакчи олий таълим ташкилотлари билан иккита диплом беришга асосланган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади;

 

 

– алоҳида гуруҳларда бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим жараёни хорижий тилларда ташкил этилади ҳамда таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказишга тайёрланади.

 

 

Шунингдек, институтнинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

 

 

– муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда ҳудуднинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;

 

 

– таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;

 

 

– ихтисослик соҳалари бўйича таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни кучайтириш ҳамда таълим дастурларининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

 

 

– соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини ва профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

 

 

 амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш;

 

 

– талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;

 

 

– бириктирилган техникумларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, методик қўллаб қувватлаш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш белгиланган.

 

 

Бундан ташқари, институтга 2 та, шу жумладан, 1 та хизмат ва 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ажратилади.

 

 

Институт фаолияти Давлат бюджети маблағлари, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.