Кеча, 1 июнь куни Самарқандда II таълим, фан ва технологиялар соҳасидаги инновацион ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда UzА хабар берди.
Унда Ўзбекистон ва Хитойдаги олий таълим муассасалари ректорлари, вазирлар ва ҳудудлар раҳбарлари иштирок этган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов форум очилиш маросимида қуйидагиларни таъкидлаган:
— Сўнгги йилларда биз олий таълим сифатини ошириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви, академик мобиллик ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Бугунги форум айнан Ўзбекистон ва Хитой минтақалари ўртасидаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим тизимида илғор технологиялар ва инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Форумда сўзга чиққан Хитой Халқ Республикаси Шенси провинцияси губернатори Чао Ганг Хитой ва Ўзбекистон қадимдан Буюк Ипак йўли орқали дўстона муносабатлар ўрнатиб келаётгани, кейинги йилларда икки давлат таълим, илм-фан соҳасида ҳам ҳамкорлик битимлари ўрнатаётганини қайд этган.
Бу галги форумда икки давлат ОТМ лари ўртасида ўндан ортиқ ҳамкорлик битимлари имзоланган. Масалан, Самарқанд давлат университети билан Циан архитектура-технология университети ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик ва алмашинув тўғрисида меморандум имзоланган.

