«Миллий тиббиёт техникуми» да касбий таълим бериш ва диплом тақдим қилиш ҳуқуқи йўқ — Вазирлик

«Миллий тиббиёт техникуми» да касбий таълим бериш ва диплом тақдим қилиш ҳуқуқи йўқ — Вазирлик

Икки ой аввал «Сино тиббиёт билим юрти» ёки «Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ номи остида фаолият юритаётган муассаса лицензиясиз тарзда абитуриентларни ўқишга қабул қилаётгани ҳақида журналистик суруштирувни эълон қилган эдик. Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий маълумот берди.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

 

– Сино тиббиёт техникуми» МЧЖ профессионал таълим хизматларини кўрсатиш учун 217206-сонли лицензияга эга бўлиб, мазкур лицензияга асосан Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Шодиёна МФЙ, Соҳибқирон Темур кўчаси, 245-уйда фаолият юритмоқда ҳамда «Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ да профессионал таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензияси мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Кўҳна қалъа МФЙ, Тинчлик кўчаси 29-уй манзилида фаолият юритаётган тегишли лицензияга эга бўлмаган «Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ касбий таълим бериш ва таҳсил олган ўқувчиларга диплом тақдим этиш ҳуқуқига эга эмас.

 

 

Ўзи нима бўлган эди?

 

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида нодавлат тиббиёт техникуми лицензия олмасдан фаолият кўрсатгани ҳақида маҳаллий блогер тайёрлаган видео тарқалди. Унда блогер «Сино тиббиёт билим юрти» ёки «Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ номи остида фаолият юритаётган муассаса лицензиясиз тарзда абитуриентларни ўқишга қабул қилаётгани ҳақида фикр билдирган.

 

Блогер кейинги видеосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъулларидан жавоб хати олганини айтиб, мазкур ҳужжатда лицензияга эга бўлмасдан тарғибот олиб борган айрим муассасалар огоҳлантирилгани қайд этилганини маълум қилган.

 

Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида журналистик суруштирув олиб бордик. Ўрганишлар давомида «Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ Урганч шаҳрида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш фаолияти учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан тасдиқнома олгани, бироқ 2025 йил 27 март ҳолатига кўра, тиббиёт техникуми сифатида фаолият юритиш учун зарур бўлган лицензияга эга эмаслиги маълум бўлган эди.

 

«Сино тиббиёт билим юрти» номи айнан қайси муассасага тегишли экани бўйича аниқ маълумот йўқ. Ушбу номга ўхшаш техникум Фарғона вилоятида фаолият юритмоқда. Бироқ бу техникум лицензияда кўрсатилган манзил — Фарғона вилоятида фаолият юритишга ҳақли.

 

Аммо ҳолат юзасидан техникум раҳбарияти билан боғланганимизда, улар Хоразмдаги муассасанинг ушбу техникумга алоқадорлиги юзасидан аниқ маълумот ёки ҳолатга изоҳ беришмаган эди.

 

 

Эслатма! Фуқаролар лицензияга эга нодавлат техникумлар рўйхатини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий сайти ёки Адлия вазирлигининг сайти орқали текшириб кўришлари мумкин.