Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 24 май куни уч нафар ўқувчи сувга чўкиб вафот этди. Ҳодисалар вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тасдиқланган.
Маълум бўлишича, 24 май куни Пахтачи туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчилари А.С. ва Н.М. фермер даласидаги ҳовузда чўмилиш пайтида сувга чўкиб ҳалок бўлган.
Шунингдек, шу куни 32-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Б.Н. ариққа йиқилиб, чўкиб кетган. Бола отаси билан далада мол суғораётганда, отаси ортга қайтган, бола эса далада қолган ва ариқга тушиб кетган.
Мактаб директорининг сўзларига кўра, ариқ чўкиб ўлиш хавфи юқори бўлган жой эмас, лекин экспертиза хулосалари аниқлик киритилади.
Ушбу воқеалардан сўнг Пахтачи тумани ҳокими Қаюм Хушбақов барча мактабларнинг синф раҳбарларига ўқувчилар ота-оналари ёнида ёки йўқлигини уйма-уй юриб текшириш топшириғини берган.
Таъкидлаш лозимки, вилоят ММТБ котиби ҳолатлар дарс вақтида содир бўлмаганини қайд этган. Ёзги таътил бошланиши муносабати билан тақиқланган ҳудудларда чўмилмаслик ва болаларни хавфсиз жойларга юбормаслик бўйича ота-оналардан кафолат хатлари олинмоқда.
