Қандай ҳолларда «Жасорат мактаблари»га талабгорларнинг аризалари рад этилади?

Қандай ҳолларда «Жасорат мактаблари»га талабгорларнинг аризалари рад этилади?

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон республикаси мудофаа вазирлигининг 2025 йил 23 май 27қ/қ; 20-сонли «Умумий ўрта таълим мактаби негизида «Жасорат мактаблари» фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ, жасорат синфларига номзодларнинг аризалари айрим ҳолларда таҳрирлашга юборилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

 

Қуйидаги ҳолларда ҳужжатлар таҳрирлашга юборилади:

 

 

– белгиланган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда;

 

– тақдим этилган ҳужжатлардаги, муҳрдаги ёзувлар ўқиб бўлмайдиган даражада нусхаланган бўлса.

 

 

Ҳужжатлар таҳрирлаш учун юборилганда, ўқувчиларга кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугагунга қадар тўғрилашга рухсат берилади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагандан сўнг маълумотларни ўзгартиришга рухсат берилмайди.

 

 

Қуйидаги ҳолатларда ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш рад этилади:

 

 

– белгиланган муддатлардан кейин кириш имтиҳонида иштирок этиш ҳоҳишини билдирган тақдирда;

 

– тақдим этилган ҳужжатларнинг сохта эканлиги аниқланганда;

 

– ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

 

– умумий ўрта таълим муассасаларининг бешинчи (ёки бешинчи синфдан юқори) синфида ўқишни тўлиқ тамомлаган ўқувчилар Жасорат синфларининг 5- синфида такроран ўқиш истагини билдирган бўлса.

 

 

Ўқувчиларнинг ҳужжатлари ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилгандан сўнг (24 соат ичида) уларга ҳужжатлар қабул қилинганлиги, таҳрирлашга юборилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида хабар юборилади.

 

 

Кириш имтиҳонларининг якуний натижалари ҳар йили август ойида вазирлик ва Жасорат мактабларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

 

 

Эслатма: ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагандан сўнг маълумотларни ўзгартиришга рухсат берилмайди.

 

 

Қабул комиссияси томонидан ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида ўн кун олдин танлов ўтказиш вақти, жойи, қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва қабул квоталари тўғрисида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали эълон берилади.