Ўзбекистондаги мактабларда бу йил 10 мингдан ортиқ ўрта мактабнинг 632 946 нафар ўқувчиси 9-синфни, 451 073 нафар ўқувчи 11-синфни битирди.
Жорий йилда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари давомида хавфсизлик таъминлаш мақсадида жами 27 мингдан ортиқ ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ ходимлари ва ҳарбий хизматчилари жалб этилди.
Жумладан, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) ходимлари мактаблар атрофида назорат олиб борди.
Улар ота-оналардан вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фарзандларига автомобиль бошқаришга рухсат бермасликларини сўради.
24 май куни эрта тонгда мактабларда битирув тадбири давомида 10 минг нафардан ортиқ ЙПХ ходимлари барча мактаблар атрофида назоратни кучайтиргани акс этган видеоларни ЙҲХХ ўз телеграмдаги саҳифасида улашди.
ЙПХ ходимлари жойларда мактаб ўқувчиларининг рухсатномасиз машина бошқарган ҳолатларини аниқлаган. ЙҲХХ матбуот хизмати хабарига кўра, 14:00 гача республика бўйлаб жами 256 та ҳолат аниқланган. Уларнинг сони кечки соат 20:00 га келиб, 384 тага етган. Уларнинг энг кўпи — 115 таси Тошкентда содир этилган.
Маълумотларга кўра, ушбу қоидабузарлар орасида 5-синф ўқувчиси ҳам мавжуд бўлган
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида уйидан автомобилни олиб қочиб чиққани айтилган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирига кетаётган 37-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ЙПХ ходимнинг қонуний талабига бўйсунмасдан қочишга уринган. У давлат рақам белгисини тушириб қолдириб йўлида давом этган. Мактаб ўқувчисининг отасига нисбатан чора кўрилгани маълум қилинди.
Тошкент вилоятида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари давомида 14 та ҳолатда вояга етмаган ўқувчиларнинг иштирокидаги қоидабузарликлар аниқланган. Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги 9-мактаб олдида машина текширилганда, уни ўша мактабнинг 11-синф ўқувчиси ҳайдаб келгани маълум бўлган. Шаҳарнинг яна бир кўчасида ҳам битирувчи ўқувчи бошқариб юрган Nexia-3 автомобили тўхтатилган. Ҳолатлар расмийлаштирилиб, машиналар жарима майдонига қўйилган.
Шунингдек, Хоразм ва Андижон вилоятларида ҳам «Сўнгги қўнғироқ» куни соат 16:00 гача вояга етмаганлар автомобиль бошқаргани билан боғлиқ 15 тадан ҳолат қайд этилган.
