Ўзбекистон ва Буюк Британия олий таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Лондонда «Ўзбекистон – Буюк Британия таълим форуми» ўтказилди. Бу ҳақда yuz.uz хабар берди.
Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Британия кенгаши, Буюк Британиянинг элчихонаси, Westminister университети, Лондондаги Saut-Benk университети, Тошкентдаги Халқаро Westminister университети ҳамда ТEАМ университети ҳамкорлигида ташкил қилинган.
Форумда таълим тизимининг устувор йўналишлари, трансмиллий таълим имкониятлари ва таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш йўллари муҳокама қилинган. Шу билан бирга, олий таълим сиёсати ва амалиётидаги ҳамкорлик масалалари ҳам диққат марказида бўлган.
Икки кунлик дастурни ўз ичига олган форумнинг биринчи куни Saut-Benk университетида ўтказилган бўлса, иккинчи куни Westminister университетида бўлиб ўтган.
Урганч давлат педагогика институти ректори Феруза Мадраҳимова Британиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан ўқув ва илмий соҳаларда ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.
Форум якунида Норвич тил ўқитиш институти ректори Том Кидл билан ҳамкорлик меморандумига имзоланди. Меморандум доирасида профессор-ўқитувчилар алмашинуви, стажировка ва малака ошириш, илмий дастур ва лойиҳалар, шунингдек талабалар алмашинуви ташкил этилиши режалаштирилмоқда, — дейилади Урганч давлат педагогика институти ахборот хизмати хабарида.

