Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу йил «Сўнгги қўнғироқ» тадбирини ўтказиш ҳақидаги кўрсатма хати имзолади. Бу ҳақда халқталиминфо.уз ўз манбасига таяниб хабар бермоқда.
2025 йил 21 май куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида 2024-2025-ўқув йилини якунлаш ва «Илм – энг буюк шараф!» шиори остида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ташкил этиш тўғрисида 592-хдфу хати имзоланди.
Вазирликнинг ушбу кўрсатма хатида айтилишича, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 май кунги ВМ-21/25-93-сонли баёнига асосан ташкил этилмоқда.
Ушбу кўрсатмада умумий ўрта таълим муассасаларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини жорий йилнинг 24 май куни эрталаб соат 8:00 дан 9:00га қадар ташкил этиш белгиланган.
Шунингдек, кўрсатмада қуйидагилар назарда тутилган:
– тадбирлар давомида намунали хулқли ва аъло баҳоларга ўқиган иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш, ўқувчиларнинг ота-оналарига «Миннатдорчилик хат»ларини топшириш;
– тадбирларни хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда мактаб ҳовлисидаги соя, салқин ва очиқ майдонларда ташкил этиш;
– мактаб раҳбарияти, синф раҳбарлари ҳамда ўқувчилар ота-оналарга ресторан, кафе ва хонадонларда «Битирув оқшомлари»ни ўтказмаслик, турли мақсадлар учун пул йиғмаслик тўғрисида тушунтириш ва қатъий огоҳлантириш бериш.
Шу билан бирга жорий йил 24-30 май кунлари барча ҳудудларда «Хайр боғча — салом мактаб!» шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари битирувчилари учун боғчаларда тантанали байрам тадбирларини ташкил этиш белгиланган.
