Мактаб ўқувчиларини экскурсияга олиб бориш мумкинми?

Мактаб ўқувчиларини экскурсияга олиб бориш мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарорига 2-иловада тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир Талаблари 40-бандига кўра:

 

-таълим муассасаси маъмурияти (ташкилотчи) ташувчи билан шартнома тузилганидан кейин жўнаб кетиш санасигача уч иш кунидан кечикмай ҳаракатланиш санаси ва қатнов йўлини, шунингдек, барча йўловчилар рўйхатини, автобуслар тўғрисидаги (мансублилиги, маркаси, давлат рўйхатдан ўтказиш рақами белгиси) тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда ҳамроҳликни ташкил этиш учун буюртманомани Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматига киритади.

 

Мана шу қоидага кўра мактаб раҳбарияти болаларни экскурсияга (саёҳатга) олиб боришдан олдин юқоридаги ҳаракатни амалга ошириши керак бўлади.

 

Бунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати томонидан бориладиган қатнов йўлида об-ҳаво ёки йўл шароитларининг номувофиқлиги, шу жумладан, бориш пунктига ҳаракатланишда чекланишлар мавжудлиги, шунингдек, транспорт воситалари ва ҳайдовчилар малакасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига номувофиқлиги ҳолатларида ҳамроҳлик қилиш рад этилиши ҳақида қарор қабул қилиниши мумкин.

 

ДЙХХ ижобий хулоса берган тақдирда алоҳида кузатувчи ажратади. Шундан сўнг болаларни экскурсияга олиб бориш мумкин бўлади.

 

Шуни айтиш керакки, мактаб ўқувчиларини фақат дарсдан ташқари вақтдагина саёҳатларга олиб боришга рухсат берилади.

 

Чунки Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 20 — декабрдаги 565-сонли буйруғига 37-иловада тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасалари (айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган муассасалар) ходимларининг лавозим мажбуриятларига асосан мактаб директори, уларнинг ўринбосарлари ҳамда ўқитувчиларнинг асосий вазифаси мактабда дарсларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш саналади.


Манба