Ижтимоий тармоқларда барча университет ва институт талабалари учун ягона «талаба формаси« жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги изоҳ берди.
Ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва нотўғри талқин этилаётганини маълум қиламиз.
Аслида, тарқалган хабар асос қилиб келтирилаётган ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамадаги қарор лойиҳасига илова қилинган «Олий таълим ташкилоти брендини яратиш тўғрисидаги низом« бўлиб, мазкур низом ҳар бир олий таълим ташкилотининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи бренд ва имиж концепциясини шакллантиришга хизмат қилиши назарда тутилган. Низом лойиҳасида талабалар учун ягона форма жорий этилиши ёки мажбурий тартибда талаб этилишига доир ҳеч қандай норма мавжуд эмас.Олий таълим ташкилотларида ҳар бир талабанинг шахс сифатидаги эркинлиги ва ҳуқуқлари Конституция ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади. Вазирлик барча ахборот манбаларини масъулият билан ёритишга чақиради ва расмий маълумотларга таяниб ҳаракат қилишни тавсия этади — дейилади вазирликнинг изоҳида.
