Қаерга қарамай «олимпиада» ўтказилаётганга ўхшайди — Умид Раҳмонов

Қаерга қарамай «олимпиада» ўтказилаётганга ўхшайди — Умид Раҳмонов

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30-центабрдаги «Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-346-сонли қарори билан 2025 йил 1 январдан бошлаб, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Фан олимпиадалари маркази ташкил этилиши белгиланганди.

 

Янги ташкил этилган марказга Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг тегишли буйруғи билан Тўрабой Шерматов директор этиб тайинланди.

 

У тайинловга қадар Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Таълим сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

 

Фан олимпиадалари маркази ташкил этилишидан аввал олимпиадаларни ташкил этиш ҳамда иқтидорли ёшларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ишлари билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Фан олимпиадаларини ўтказиш ва иқтидорли ўқувчиларни саралаш департаменти шуғулланган.

 

Ушбу департаментга эса 2019 йилдан буён вазирликда ишлаб келаётган Рахмонов Умид Олимович раҳбарлик қилиб келган.

 

Умид Раҳмонов ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган турли халқаро фан олимпиадалари юзасидан фикр билдирди. Раҳмонов олимпиадаларнинг қадри тушишидан ва мазмун моҳияти ҳамда мақсадларининг ўзгаришидан эҳтиёт бўлишни тавсия қилиб ўтган.

 

 

«Қаерга қарамай «олимпиада» ўтказилаётганга ўхшайди. Олимпиадаларнинг қадри тушишидан ва мазмун моҳияти ҳамда мақсадларининг ўзгаришидан эҳтиёт бўлишимиз керак.

Кўпчилик «ўзи ғолиб бўладиган майдон» қидираётгандек туюлади, яниʼ маҳаллий олимпиадаларда кўринишмайди, лекин «АБC»давлатда ташкил қилинадиган «ГБЖ» номли олимпиадада пулини тўлаб, йўл кирани кўтариб қатнашади ва бир қучоқ медаллар билан келишади. Бунга эътироз йўқ, албатта барчанинг хоҳиши ва истаги турлича. Бу болалар учун кичик бир тажриба бўлиши мумкин, лекин буларни ташкил қилиб, устида тураётганлар «ҳалиги ёш чемпион қоракўзлардан» шунчаки ПР учун фойдаланаётгани ачинарли, бунга эргашиб кўпгина одамларимиз нотўғри маслаҳатлар ва тавсиялар олаётгани ёмон.

Олимпиаданинг нуфузи унда сув ва конфет, футболка ва кепка берилиши билан эмас, тақдим қилинаётган топшириқларнинг савияси ва гўзаллиги, баҳоланишнинг адолатли ва шаффоф ташкил қилиниши билан белгиланишини унутиш керакмас. Ҳа яна бир нарса, олимпиаданинг қандайдир профессор номи боғланиши ёки қандайдир хориждаги университетда ўтказилади дейилиши ҳам таҳлил талаб қилади. Дунёда Cамбридж, Гарвард, Ел ва бошқа кўпгина университерларнинг кичик бир кампусларини ижарага олиб тижорат мақсадида йўлга қўйилган лойиҳалар талайгина. Сўнгги ойларда шахсий хабарда кўплаб шу маънодаги саволлар ва жумбоқлар юборилгани учун, фарзандларини шу йўлда тарбия қилаётган, ўқитаётган ота-оналар ва устозлар учун кичик бир маслаҳат тариқасида ёздим, холос! Барчангизга омад тилайман!»,- дейди Умид Раҳмонов.

 

 

Эслатма! 2021/2022-ўқув йилида нуфузли халқаро ва минтақавий олимпиадаларда ўқувчилар жами 45 та медални қўлга киритган бўлса, 2022/2023-ўқув йилида 69 та, 2023/2024-ўқув йилида эса 128 та медални қўлга киритишган.

 

 

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги ходими, педагог Исроил Тиллабоев Раҳмоновнинг фикрига қўшимча қилиб, дунёда энг нуфузли 5 та фан олимпиадаси бўлиб, уларда иштирок этишнинг ўзи қийин эканлигини таъкидлаб ўтган.

«Бирон бизнесменнинг осон-осон саволлар қўйиб, даромад топиш мақсадида ўтказаётган »олимпиадалари«да »олтин« медаль олиб келган ўқувчиси ёки фарзандини »давлат эътибор бермаяпти» деб жар соладиганларга дипломатик тушунтириш бўлибди.

Дунёда энг нуфузли 5 та фан олимпиадаси бор, уларда ютиш тугул қатнашиш ҳам қийин. Ушбу олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчига давлат 800 млндан кўпроқ пул беради. Улардан олтин олиш ўта қийин. Масалан, ИМО (Халқаро математика олимпиада)дан ҳали Ўзбекистон олтин медаль олмаган», — дейди Исроил Тиллабоев