Тест жавобларини асослаб бериш мавзуни яхшироқ тушунишга ёрдам беради ва ўз билимларини баҳолаш қобилиятини ривожлантиради.
Америкалик тадқиқотчилар томонидан олиб борилган тадқиқотга кўра, тестларни топшириш вақтида ўз жавобларини асослаб беришга мажбур бўлган талабалар, шунчаки вариант олиб ечган талабаларга нисбатан кўпроқ тўғри жавоб берган.
Бундан ташқари, бу амалиёт талабаларнинг фикрлашнинг аниқлигини, яъни ўз билимларини баҳолаш қобилиятини оширган. Тадқиқот Behavioral Sciences журналида чоп этилган.
Тадқиқот доирасида икки хил эксперимент ўтказилган. Ҳар сафар университет талабаларидан геология дарслигининг бир бобини ўқиб, сўнг уни асосида тестдан ўтиш сўралган.
Талабалар икки гуруҳга бўлинган: бирига оддий жавоб вариантлари билан тест, бошқасига эса ҳар бир жавобни алоҳида майдонда асослаб беришни талаб қилувчи тест берилган. Дарслик бобини ўқишдан аввал, уларга қайси турдаги тест топширилиши айтилган ва мавзу бўйича ўз билимларига қанчалик ишонишларини баҳолаш сўралган.
Биринчи экспериментда 79 киши иштирок этган. Иккинчисида эса 257 киши қатнашган бўлиб, бу сафар икки кундан кейин яна қўшимча тест ҳам ўтказилган.
Ҳар иккала тажрибада ҳам жавобларини асослаб берган талабалар кўпроқ тўғри жавоб берган. Иккинчи тажрибадаги қўшимча тестда ҳам ушбу гуруҳ бироз юқорироқ натижаларга эришган, бироқ фарқ статистик аҳамиятга эга бўлмаган.
Шунингдек, жавобларини асослашга мажбур бўлган талабалар тестдан олдин ўз билимлари даражасини аниқроқ баҳолаган. Оддий тест ишлаган талабалар эса ўз билимларини ортиқча баҳолаган ва фақат тест якунлангач, ўз баҳоларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлган.
Тадқиқотчилар фикрича, жавобларни асослаш талаби метакогнитив (фикрлаш) аниқлигини оширишга ёрдам беради — бу эса ўз билимини реалист тарзда баҳолаш қобилиятини ривожлантиради. Ушбу ва бошқа метакогнитив кўникмалар инсонларга тез ва самарали ўқишга ёрдам беради.
Шунингдек, жавобларни асослаш зарурияти хотирадан билимларни чақириш ва уларни аниқ ифодалашни талаб қилгани сабабли, у хотирадан чақириш машқи каби ишлайди.
Шу тариқа, жавобларни асослаш талаб қилинадиган тест тури оддий тестга қараганда анча фойдали эканлиги аниқланган. Бироқ муаллифларнинг фикрича, бу метод барча турдаги билимларни текшириш учун мос келмайди, чунки бундай тест оддий тестга нисбатан кўпроқ вақт талаб қилади — тажрибада ўртача ўн дақиқа фарқ аниқланган.
Шунинг учун, муаллифлар бу усулни тушунчавий ва амалий билимларни баҳолашда қўллашни, фактлар ва таърифларни текширишда эса оддий тестлар қолаверса ҳам, энг мақбул усул деб ҳисоблашади. Масалан, «Қайси бирикма — минерал?» каби саволларда жавобни асослатиш фойдали бўлади, чунки бу орқали талабалар минерал белгилари, вариантлар орасидаги объектлар хусусиятларини эслаб, солиштиришади.
Ўқитувчи эса уларнинг фикрлаш жараёни ва типик хатолари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлади. Бироқ «Минералнинг тўғри таърифини танланг» каби оддий саволларда жавобларни асослашга вақт сарфлаш шарт эмас.
Аввалроқ, Хитой ва АҚШ олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотларда эса «бошқасига тушунтириб бериш» усули ўз-ўзига тушунтиришдан кўра самаралироқ эканлиги исботланган эди. Бироқ ўз-ўзига тушунтириш ҳам шунчаки материални такрорлашдан кўра самаралироқ экани аниқланган.


