Жорий йили республика бўйлаб 58 та мактаб қурилиши кўзда тутилган

Жорий йили республика бўйлаб 58 та мактаб қурилиши кўзда тутилган

 

Бугун, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

 

 

Жорий йилда янги мактаблар қуриш учун Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб қилинган. Бунинг эвазига 58 та мактаб қурилиб, 72 мингта ўқувчи ўрни яратилиши кўзда тутилган.

 

 

Бунга қўшимча равишда вилоятлар ҳокимларига жорий йилда халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар, Жанубий Корея каби давлатлардан инвесторлар олиб келиб, маҳаллий тадбиркорларга шароит яратиб, мактаб қурилишига 10 миллион доллардан маблағни жалб қилиш бўйича топшириқ берилган.

 

 

Шунингдек, мактаблар қувватини оширишнинг мақбул йўлларидан бири хусусий шериклик экани таъкидланган. Шу боис мактаблар ва боғчалар учун хусусий шериклик лойиҳаларининг эълонда туриш муддати 45 кундан 30 кунга қисқартирилиши қайд этилган.

 

 

Мутасаддиларга жорий йилда мактаб таълимида камида 100 та шундай лойиҳани бошлаш топширилган.