Бугун, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда четда ўқиётган ўзбек ёшларининг атиги 1 фоизи «Топ-100»даги олийгоҳларга киргани кўрсатиб ўтилган. Ваҳоланки, «Топ-10» билан «Топ-200»даги таълим нархи бир биридан атиги 15-20 фоизга фарқ қилади.
«Ёшларимиз жуда иқтидорли. Уларни тизимли йўналтириб, олийгоҳ танлашга кўмаклашиб, мақсадли тайёрлашни йўлга қўйсак бўлди, кўрсаткичларимиз каррасига ошади», – деди Президент.
Давлат раҳбари «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастурини бошлаш ва «Гарвардчилар мактаби»ни очиш бўйича катта фармон имзолаганини айтиб ўтган.
Маълум бўлишича, бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади. Бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, халқаро мактабда «Топ-10» олийгоҳларига мақсадли тайёрланади.
Бундан ташқари, Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади.
Миллий дастур асосида маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиб, АҚШнинг Гарвард, Ел, Колумбия, Корнел каби олийгоҳларига тайёрлайди.
