Тошкент шаҳрида тиббиёт йўналиши бўйича 3- босқичдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Сергели тумани бўлими, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Э. фуқаро А.А.нинг ишончига кириб, танишлари ёрдамида гўёки қўшни Қозоғистон Республикаси олий таълим муассасасининг 2-босқичини тугатганлиги тўғрисида ҳужжат расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Бу орқали Тошкент шаҳридаги нодавлат олий таълим муассасаларидан бирига тиббиёт йўналишига 3-босқичдан ўқишга киритиб қўйиши эвазига 48 млн сўм пул талаб қилган.
Ушбу пуллар ҳисобидан 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
