Вояга етмаган болалар учун банк карталари очиш бўйича талаблар ишлаб чиқилади

Вояга етмаган болалар учун банк карталари очиш бўйича талаблар ишлаб чиқилади

2025 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

 

Ушбу қарор рақамли соҳада хавфсизликни таъминлашда муҳим ҳужжат бўлиб, унда вояга етмаганларнинг молиявий фаолиятига оид янги тартибларни жорий этишни назарда тутувчи бандлар ҳам мавжуд.

 

Қарорга кўра, вояга етмаганларнинг банк тизимида иштирокини тартибга солувчи қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди:

 

– вояга етмаганлар банкларда ҳисобрақамлари ва банк карталарини очиш бўйича тегишли талабларни ишлаб чиқиб, амалиётда жорий этилади;

– банклар ота-оналарни уларнинг вояга етмаган фарзандлари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар ҳақида хабардор қилиш амалиётини йўлга қўяди.

 

Мазкур қарор рақамли технологиялар билан чамбарчас боғлиқ бўлган молиявий муносабатларда вояга етмаганларнинг иштирокини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган муҳим ташаббусдир.

 

Унда белгиланган чора-тадбирлар вояга етмаганларни кибержиноятлардан ҳимоя қилиш, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш ҳамда банк тизимидаги шаффофлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.