Кўплаб болалар тиланчиликка мажбурлангани сабаб, мактаб таълимидан четда қолган — Омбудсман

Кўплаб болалар тиланчиликка мажбурлангани сабаб, мактаб таълимидан четда қолган — Омбудсман

Болалар омбудсмани Ички ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда республика ҳудудларида болаларни тиланчиликка жалб қилиш каби салбий ҳолатларни тизимли равишда таҳлилий ўрганиб бораётганини маълум қилди.

 

Ўрганишлар болани мазкур ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилган айрим ота-оналар тиланчиликни мунтазам равишда ўзига касб қилиб олганлиги, айрим оилалар ижтимоий аҳволи оғирлиги ёки иккала ота-онанинг иш билан банд эмаслиги маълум бўлган.

 

Ўрганишлар натижасида кўп ҳолатларда тиланчиликка жалб қилинган болалар мажбурий бўлган умумий ўрта таълим доирасидан ташқарида қолганлиги аниқланган.

 

Бунга йўл қўйган ота-оналарга эса қонунда кўзда тутилган тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилган.

 

Ҳар бир ҳудуддаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ушбу оилаларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаш орқали уларнинг ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжини ўрганиш ва улар такроран мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги доимий равишда назорат қилиб борилади.

 

Омбудсманнинг хабар қилишича, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилалар мониторинги олиб борилиб, улар учун зарурий ижтимоий хизмат ҳамда ёрдамларни ташкил этиш, муҳими эса болаларнинг таълим ҳуқуқини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.