Мукофот қиймати 525 миллион сўм бўлган «Йил ўқитувчиси» кўрик танловининг биринчи босқичи ғолиблари 2025 йил август декабрь ойларида ўтказиладиган тоифа тестлари натижасида аниқланади.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, «Йил ўқитувчиси» танловида олий ёки биринчи малака тоифасига ҳамда камида 5 йиллик педагогик стажга эга, асосий штатда фаолият юритаётган фан ёки бошланғич синф ўқитувчиси иштирок этиши мумкин.
Танлов уч босқичда ўтказилади:
биринчи босқичда — номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;
иккинчи босқичда — номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади;
учинчи босқичда — номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги баҳоланади.
Танлов якунларига кўра, ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ғолиб деб топилган ҳар бир номзод реестри Вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган ҚР-кодли сертификат билан тақдирланади.
Ушбу сертификат асосида ғолиблар Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти (тахминан 40 минг АҚШ доллари) билан тақдирланади.
Эндиликда, тоифа тестларида )педагоглар аттестацияси) қайд этилган юқори натижалар орқали қуйидаги имкониятларга эга бўлиш мумкин:
1. Амалдаги малака тоифасини ошириш ёки тасдиқлаш ( бу орқали кейинги беш йил давомида мажбурий аттестациядан озод қилиниш ҳамда юқори тоифа бўйича ойлик олиш).
2. Кейинги 2 йил давомида 70 фоизлик устама олиш ( агарда 86 ва ундан юқори балл тўплаб Олий ёки биринчи тоифа олинса ёки сақланса).
3. Вазир жамғармасидан тўлаб бериладиган устамалар (57 млн.сўмдан ортиқ) учун ўтказиладиган саралашнинг биринчи босқичидан ўтган ҳисобланиш ( бу учун эса ўз фани бўйича ўтказилган тоифа тестларида ўз туманида ўз йўналиши бўйича 1-9 ўринларда бўлиш).
4. «Йил ўқитувчиси» кўрик танловининг биринчи босқичидан ўтган ҳисобланиш (бу учун эса тоифа тестларида ўз туманидаги барча ўқитувчилар орасида 1-3 ўринларда бўлиш).
