Ўзбекистон элчихонаси томонидан инглиз тилида соддалаштирилган услубда ўзбек тилини нолдан ўргатувчи «Uzbek Language: Complete Self-Study Guide in 22 Lessons» номли қўлланма чоп этилди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети мутахассислари тавсияларини инобатга олган ҳолда мазкур китоб тайёрланган.
Ушбу китобнинг кириш қисмида ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, унинг ўзгариш босқичлари ҳамда ўзбек халқининг шаклланиш тарихи ҳақида сўз юритилган.
Китобнинг асосий қисмидаги 22 та дарслар йирик мавзуларни бошқа қўлланмалар каби алоҳида-алоҳида тўлиқ тушунтиришга эмас, балки хорижий тилни ўрганиш учун энг зарур бўлган қоидалар ва конструкцияларни ўргатишга мўлжалланган.
Ўзбек тилида феъл замонларини тушуниш хорижликлар учун нисбатан мураккаблигини инобатга олиб, қабул қилинган стандартлардан фарқли равишда инглиз тилига қиёслаб содда кўринишда тушунтирилган.
Ҳар бир дарс сўнгида қисқа машқлар ва матнлар келтирилган. Бунда ўрганувчига юк бўлмаслиги учун машқлар сони кўпайтирилмаган.
Қўлланма охирида тил ўрганишни осонлаштирувчи қўшимча қисмлар ҳам киритилган. Шунингдек, ўзбек тили шевалари ва уларнинг фарқлари тушунтирилган ҳамда халқ орасида ишлатиладиган, лекин адабий тилга киритилмаган баъзи кенг фойдаланиладиган ўзлашма сўзлар ҳам мазкур китобга илова қилинган.
Жумладан, хорижий тилни шеърлар ва қўшиқлардан фойдаланиб ўрганиш қулайлигини инобатга олиб, ўзбек халқи орасида оммалашган шеър ва қўшиқлар китобда келтирилган, улардаги мураккаб сўзлар шарҳи ҳам бевосита берилган.
Китобда мустақил таржима қилиш учун Ўзбекистон ва унинг қадимий шаҳарлари, буюк тарихий шахслари тўғрисида қизиқарли маълумлар ҳам мавжуд.
Қўлланма сўнггида 2500 дан ортиқ фаол қўлланиладиган сўзлар асосида ўзбекча-инглизча луғат чоп этилди.
Элчихона ташаббуси билан нашрга тайёрланган мазкур китоб Мисрдаги кутубхоналар, ўзбек тилини ўрганаётган Қоҳира университети талабалари орасида тарқатилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали ўзбек тили ўқитиладиган хорижий университетларга ҳам етказиш режалаштирилган.
Мазкур қўлланма бошқа давлатлардаги ўқувчилар учун Америка, Европа ва Осиёдаги АMAZON платформаларида ҳам электрон ва рангли босма китоб шаклларида жойлаштирилган, «Google Books» ва «Google Play» платформаларида эса илова шаклида топиш мумкин.
Шунингдек, мазкур дарслик рус тилига ҳам таржима қилиниб, лойиҳа нусхаси «Узбекский язик: Полний курс за 22 урока» номи билан ЛИТРEС платформасида электрон шаклда мавжуд. Ушбу қўлланма ҳозирда араб тилига ҳам таржима қилинмоқда.
