Гулнора Каримова томонидан ноқонуний ўзлаштирилган Швейцариядаги маблағлардан маълум бир қисми Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов маълум қилди.
Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний активлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилмоқда.
Бу ҳақида 2022 йил 16 августда Ўзбекистон билан Швейцария ўртасида реституция битими имзоланган эди. Мазкур битим доирасида Ўзбекистон Республикаси, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузурида «Ишонч» жамғармаси ташкил этилган.
Битим доирасида биринчи транш учун 131 миллион АҚШ доллар миқдоридаги маблағни қайтариш бўйича келишувга эришилган.
Жумладан, «Ишонч» жамғармаси ҳисобидан таълим соҳасида мўлжалланган ишлар иккита компонентга бўлинган ҳолда амалга оширилмоқда. Биринчиси бўйича ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган.
Иккинчи компонентга асосан, халқаро ташкилотлар билан биргаликда, мактабларда санитария-гигиена тизимини яхшилаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, мактабларни бошқаришга жамоатчиликни жалб қилишга қаратилган лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган.
«Шу муносабат билан, Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний маблағлар Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида қайтарилганини олқишлаймиз. Бу келишувга ва ижтимоий лойиҳаларга ҳисса қўшаётган барча халқаро ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирамиз» — дейилади вазирлик матбуот хизматининг хабарида.
