Ижтимоий тармоқларда Самарқандда малака синовларида қатнашиб чиққан номзоднинг бир вақтнинг ўзида ҳам онлайн эфирда, ҳам имтиҳондан ташқарида турганлиги кузатилгани ҳақида видео тарқалди.
Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутахассислари расмий маълумот берди. Маълумки тоифа синовлари ўтказиладиган бино ичидаги кузатув камераларининг онлайн эфири cams.uzedu.uz веб-сайти орқали амалга оширилади. Самарқанддаги тест синовларидан тарқалган видео кўрилганда, унда қотиш ва узилишлар бўлгани аниқланган.
Вазирлик ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:
Видеони кўриб чиқилганда, унда узилиш ва қотишлар бўлгани аниқ кўринади. Тоифа синовлари ўтказиладиган бино ичидаги кузатув камераларининг онлайн эфири https://cams.uzedu.uz веб-сайти орқали амалга оширилади.
Бироқ, бу сайт РТСП протоколини қўллаб-қувватламагани учун, видео оқим махсус кодировка орқали узатилади.
Ушбу онлайн трансляция тизимида ҳар 15 сонияда янгиланадиган видео кадрлар сақланади. Сайт компьютер браузерида очилгач, кўрсатилаётган барча кадрлар кеш хотирада (яъни вақтинчалик хотирада) сақланиб қолади.
Агар интернет алоқаси узилса, браузер автоматик равишда охирги узилмасдан аввал кўрсатилган кадрларни кўрсатишда давом этади.
Бу муаммони бартараф этиш учун саҳифани оддийгина янгилаш (рефреш қилиш) етарли бўлади. Юқоридаги ҳолатда эса, интерактив панелда интернет алоқаси узилган ва натижада эски, яъни узилишдан олдинги кадрлар экранга чиққан.
Илова қилинган расмдан кўриниб турибдики, ушбу номзод 52 балл тўплаб аттестациядан ўта олмаган. Шунингдек, номзоднинг тест жараёнида олинган расмлари ва у синовдан кетгандан кейинги ҳолатни кўришингиз мумкин (бутун жараённинг тўлиқ видоэси ҳам мавжуд ва у 1 йил давомида сақланади).
